English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мавлоно Кўняси
21:51 / 2020-12-18

Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирлиги томонидан хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус ташкил этилган навбатдаги саёҳат – Кўня шаҳрининг диққатга сазовор масканлари бўйлаб уюштирилган Пресс-тур дастуридаги энг муҳим воқеалардан бири, шубҳасиз, Мавлоно мажмуаси зиёрати бўлди.

Шу ўринда бир маълумотга эътибор қаратиш зарур. Дастлабки мақоламизда бу галги “матбуот юриши”га Ўзбекистондан 10 нафар журналист жалб этилганини айтиб ўтгандик. Бу кўпми ё кам? Умуман, 10 рақами ёки бошқача айтганда муайян миқдор, сиртдан қараганда, бу ўринда аҳамиятсиздек. Келинг, масалага бошқача нуқтаи назардан қараб кўрайлик.

Гуруҳимизда 15 га яқин давлатнинг 40 дан зиёд мутахассиси – ҳамкасбларимиз тўпланган. Уларнинг 10 нафари бизнинг жамоа аъзолари. Бошқа мамлакатлардан келганлар, 1 ёки 2 киши, масалан Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам 2 нафардан, Туркиянинг ён қўшниси Эрондан уч журналист таклиф этилган. Яна Индонезия, Босния, Македония, Болгария, Польша, Косово, Албаниядан ҳам касбдошларимиз келишган. Гуруҳнинг тўртдан бири Ўзбекистон вакиллари.

Ғурурланишимизга арзирли воқелик. Бу биринчи навабатда икки азалий қардош давлат раҳбарлари ташаббуси билан ўрнатилган яқин, дўстона ва стратегик ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири бўйича алоқалар мустаҳкамланаётганидан далолат. Қолаверса, Евроосиёнинг энг қудратли давлатларидан бири томонидан мамлакатимиздаги ислоҳотлар, хусусан, сўз эркинлиги борасида сўнгги йилларда юз берган улкан ўзгаришларнинг тан олинишидир.

Мавлоно номи билан юритилувчи мажмуа, ҳеч бир шубҳасиз, Кўнянинг асосий, таъбир жоиз бўлса, 1-рақамли сайёҳлик объектидир. Зеро, бу муқаддас манзилдан, мана 700 йилдан ошибдики, мавлавия тариқати ихлосмандларининг қадами узилмайди. Боз устига, эндиликда бу жой нафақат Кўня шаҳри, балки бутун Туркияда туристлар энг кўп келадиган қадамжо ҳисобланади.

Мажмуа асосий зиёратгоҳ – Мавлоно Жалолиддин Румий номи билан боғлиқ шажаранинг бир неча авлоди, яқин қариндошлар мангу қўним топган хонақоҳ ва масжиддан иборат. Кўпчиликка маълум бўлса-да, такрорлаш жоиз, ушбу мақбара ўрнида XIII аср бошларида жуда кўркам бир боғ бўлган. Салжуқий ҳукмдор Алоуддин Кайқубод бу боғни ўз замонасининг тенгсиз алломаси, “Султон-ул уламо”, рутбасига эришган Баҳоуддин Валадга ҳадя этган. Вафотидан сўнг уни ўз васиятига кўра шу ерга дафн этишган. Йиллар ўтиб, Жалолиддин Румий ҳам чин дунёга рихлат этганда отасининг ёнига қўйилган. Мавлононинг ўғли Алоуддин Чалабий вақти келиб бобоси ва отаси қабри атрофини ўраб мақбара қурдиради. Кейинчалик унинг ўзи, оиланинг бошқа аъзолари ҳам шу макондан қўним топишиб, хонақоҳ вужудга келади.

Мақбара ичида киши эътиборини торитадиган жиҳатлар кўп. Масалан, Баҳоуддин Валаднинг қабри энг баланд қилиб кўтарилган. Мавлоно эса, гўёки, ундан пастроқда, бош томони бироз кўтарилган даҳмада падарига “қараб ётибди”. Алоуддин Чалабий ва сулоланинг бошқа вакиллари, Мавлононинг энг яқин шогирдлари қабри янаям кичикроқ. Эркакларга нисбат берилган қабрлар марҳумаларникидан бош томонга салла қўйилгани билан фарқланади. 

Мақбаранинг музей қисми XIII-XIV асрларга оид турли жиҳозлар, Қуръони Карим намуналари, мавлавия тариқати фалсафаси сингдирилган рамзий буюмлар, Мавлононинг кийим-кечаги, шахсий буюмлари ва бошқа қимматли экспонатлардан иборат.

Хорижий журналистлар Пресс-тур дастурининг 3-куни Кўня шаҳрида ҳар йили Мавлоно Жалолиддин Румий вафот этган кун – 17 декабрда ўтказиладиган, замирига Ислом динидаги мавлавия тариқатининг сабр-тоқат, садоқат, комилликка интилиш каби кўплаб инсоний фазилатлар сингдирилган, илоҳий мусиқа оҳанги остида кечадиган дарвешлар ижросидаги самовий рақс кўринишидаги Шеби Арус маросимида иштирок этдилар. Айнан Мавлоно номи билан аталадиган маданият саройида, ҳозирги ваазиятдан келиб чиқиб, қатъий карантин талаблари остида бўлиб ўтган тадбирга, бу йил, гарчи аввалгидек кўп одам келмаган бўлса-да, дунёнинг  турли давлатларидан олимлар, мавлавия тариқати намояндалари, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирлиги, мамлакат парламенти ҳамда Кўня шаҳри ҳокимлиги раҳбарлари қатнашдилар. Яна бир меҳмонлар эътиборини тортадиган жиҳат – Кўняда Мавлоно Жалолиддин Румий шахси шу даражада улуғланадики, айни муносабатни шаҳарнинг ҳамма жойларини “Мавлоно Кўняси” деган ёзув эгаллаганидан ҳам билса бўлади.

Кўҳна Кўня ҳақидаги ҳикояларимиз давом этади. ЎзА сайтини ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизни кузатиб боринг.

ЎзА махсус мухбири Ғайрат ХОННАЗАРОВ

Кўня шаҳридан тайёрлади.