Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маулен Ашимбаев: Парламентлараро мулоқот минтақада дўстлик, ҳамкорлик ва шерикликни мустаҳкамламоқда
13:23 / 2024-09-12

Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми ўз ишини давом эттирмоқда.

Унда иштирок этган Қозоғистон Республикаси парламентининг Сенати Раиси Маулен Ашимбаев мазкур учрашув Хоразм воҳасининг дурдонаси бўлмиш қадимий ва гўзал Хивада бўлиб ўтаётгани эътиборга лойиқ эканини таъкидлади. Мазкур шаҳар нафақат ислом цивилизациясининг энг муҳим марказларидан бири, балки бизнинг умумий маданий-тарихий меросимиз рамзи ҳамдир.

– Хива ўзининг бой тарихига эга ва маданий аҳамияти юқори, – деди М.Ашимбаев. – Бу ердан ўтган Буюк ипак йўли кўплаб халқлар ўртасида фикр алмашиш, маданий алоқаларга ҳам хизмат қилган. Қадим замонлардан цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган Хива – мулоқот, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик муҳимлигини эслатиб туради.  

Парламентлараро мулоқот платформамиз Марказий Осиёда дўстлик, ҳамкорлик ва шерикликни мустаҳкамлашга сезиларли ҳисса қўшишига ишонаман. Бугунги учрашув бутун минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида парламент дипломатияси салоҳиятидан фойдаланган ҳолда мулоқотимизни мустаҳкамлаш борасидаги қатъиятимизни таъкидлайди.  

Бугунги форум парламентлараро ҳамкорлигимизга қўшимча туртки беради. Умуман олганда, минтақа давлатлари бир қатор фундаментал муаммоларга дуч келишда давом этмоқда. Геосиёсий кескинлик, иқтисодий беқарорлик ва иқлим таҳдидлари биздан келишилган ечимларни бирлаштириш ва ишлаб чиқишни талаб қилади.  

Айтиш жоизки, бундай шароит Марказий Осиёдан мустаҳкамлик ва бирдамликка интилишни намоён этишни тақозо қилади. Бунга, биринчи навбатда, мунтазам учрашувлар ва олий даражадаги сиёсий мулоқотни кучайтириш ёрдам беради.    

“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг асосий механизмларидан бири – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувларидир. Бизнинг умумий мақсадимиз – интеграциялашган ривожланиш моделини шакллантиришдир Бу Марказий Осиё минтақасининг ҳар бир резиденти турмуш даражасини оширишга хизмат қилиши зарур. Ишончим комилки, Хивада ўтказилаётган Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми бизга янги ва самарали ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини беради ва минтақада ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқичга айланади”, деди М.Ашимбаев.  

Норгул Абдураимова,  

Бекзодбек Саидов (сурат), ЎзА