Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Матонатли ёшлар Зоминда
12:50 / 2022-05-28

Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Зомин” болалар дам олиш оромгоҳида ногиронлиги бор ёшлар учун “Матонат” семинар-тренинги бўлиб ўтмоқда.

Беш кун давомида “Лойиҳалар билан ишлашда инклюзия”, “Инклюзив таълим менинг ҳаётимда”, “Сен ҳуқуқингни биласанми?”, “Тадбирколик асослари”, “Тўсиқларсиз санъат”, “Мен қандай ишга жойлашаман?” мавзуларидаги давра суҳбатлари уюштирилиб, маърузалар тингланмоқда.

Ёшлар учун “Инклюзив шахмат” турнири, “Жозибали имо-ишора тили сўзлашиш санъати”, “Сомон” санъати ва фотоаппаратдан фойдаланиш бўйича тренинглар ташкил этилмоқда. Улар “Инклюзив Заковат” интеллектуал ўйинлари, спортнинг футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси турларидан маҳорат дарсларида иштирок этаётир.

Заиф кўрувчилар, кар ва заиф эшитувчилар, таянч ҳаракатида нуқсони бўлган ёшлар учун тифло-изоҳли кинолар тўғрисида суҳбатлар, турли мавзуларда тренинглар ўтилмоқда.

– “Матонат” тренингини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида инклюзив ёшлар ғоясини тарғиб қилишдир, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарат бўлими бошлиғи Шарофиддин Хонимов. – Соғлом ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасидаги тафовутни олиб ташлаш, ушбу тадбирда иштирок этаётган ёшлар орасида кўплаб иқтидорлилар, уйда бекор ўтирувчилари бор, ана шуларни жамиятга олиб кириш, қобилиятларини намоён этиб, нималарга қодир эканликларини кўрсатиб беришлари учун платформа, яъни ижодий майдон яратиб беришдан иборат. Ҳар йили бу оромгоҳни ташкил этиш, Ўзбекистондаги 207 та шаҳар ва туманда жойлашган маҳаллалар кесимидаги ногиронлиги бўлган ёшларни бутун республика бўйича бир жойга йиғиб, ана шу тоифалар ўртасида кашф этилган қаҳрамонларни олиб келиб, улар ўртасидаги ҳамкорлик, муносабатни йўлга қўйиб, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини уйғотиш, уларга туртки беришдан иборат. Ногиронлиги бўлган ёшларда халқ амалий санъатидан, рассомчилик, ўймакорлик, дурадгорлик, косибчиликдан, яна бир бошқа касбдан туғма таланти бўлади. Ушбу платформада ана шу иқтидорини намоён этишни режалаштиряпмиз.

Мақсад, ногиронлиги бўлган ёшлар билан 4-5 кун шуғулланиб уйларига жавоб бериб юбориш эмас, балки айнан шу ёшлар учун тайёрланган  минг нафардан ортиқ тренерлар республикамизнинг 14 та ҳудудида ташкил этилган ногиронлиги бўлган ёшлар билан ишлаш марказлари орқали уларнинг кейинги фаолиятини назорат қилиб боради.

[gallery-7327]

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА