English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Матонатга йўғрилган умр
15:22 / 2025-06-10

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз ижодкор Саид Аҳмад инсон руҳияти, унинг турфа феъл-атвори, изтироблари, армонларини юксак маҳорат билан тасвирлаган қаламкашдир.

Биз унинг “Уфқ”, “Жимжитлик”, “Киприкда қолган тонг”, “Қоракўз мажнун” каби асарларида муштипар, мушфиқ, ғамбода, ўзидан бошқа ҳамманинг дaрду ташвиши ҳақида қайғурадиган, меҳри уммон Онажонларимизнинг табаррук сиймоларини кўрамиз. Замоннинг силсилалари, унинг эврилишлари, юрт бошига тушган оғир ва синовли кунлар, Ватан учун жонни тиккан мард ўғлонлар, юрт тақдири учун ўзни фидо қилишга шай йигит-қизлар билан бирга шумликда шайтонга дарс берувчи кимсаларнинг қиёфасини моҳирона тасвирлашда Саид Аҳмаднинг синчков рассомлигию халқчил адиблиги бирдек яққол кўзга ташланади.  

Пойтахтимизда устоз ёзувчи таваллудининг 105 йиллигига бағишланган адабий тадбирда шу ҳақда батафсил сўз юритилди.  

Адиблар хиёбонидек файзли ва сўлим боғда халқимизнинг суюкли ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 105 йиллигига бағишланган адабий анжуманга  ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ўқитувчилар, адабиёт мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бугунги ёруғ ва мунаввар кунлар, миллий адабиётимиз равнақига кўрсатилаётган эътибор давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг фидойилиги ва юрт тақдири йўлидаги заҳматли меҳнатлари туфайли эканини таъкидлади.  

–  Президентимиз адабиёт ривожига ғамхўрлик кўрсатиш билан бирга сўз санъатига умрини бағишлаган ижодкорларнинг хотирасини ардоқлаш борасида улкан ташаббусларни илгари сурмоқдалар, – деди  Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Талабалик чоғларимизда Саид Аҳмад домладек инсоннинг ғоят камтарин, самимий ижодкор эканини билсак-да, унинг яқинига боришга унчалик ҳам ҳаддимиз сиғмасди. Бир куни домла билан Душанбе шаҳрига ижодий сафарга бирга боришга тўғри келиб қолди. У киши ижодимни кузатиб юрарканлар, ёзганларим ҳақида илиқ фикрлар  билдирдилар. Ана шу самимий эътироф умрбод ёдимда  нурли  хотира бўлиб сақланиб қолди. Домла жуда оғир дамларни бошларидан кечирдилар. Ўша изтиробли кунларнинг бари уларнинг асарларида муҳрланиб қолган. Бу асарлар ёшларни бугунги ёруғ кунларнинг қадрига етишга ундайди.  

Адабий тадбирда Тошкент ахборот технологиялари университети бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Убайдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият  ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ва бошқалар Саид Аҳмад фаолияти, унинг синовларга тўла ҳаёти, ардоқли шоира Саида Зуннунова билан биргаликда кечирган ибратли ҳаёт йўли, асарларининг тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўзлади.  

Тошкент ахборот технологиялари университети бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Убайдуллаевнинг айтишича, Адиблар хиёбони барпо этилганидан буён мазкур ўқув даргоҳи ёшлари томонидан Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ижодини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Устоз ижодкорлар ҳайкали пойида маҳорат дарслари, адабий тадбирлар, анжуманлар ўтказиш анъанага айланиб қолган. Университет талабалари адабий танловларда доимий қатнашиб келади. Ўқув масканида таъсис этилган Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова номидаги медаль эса адабиётга меҳри баланд ёшларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

–  Шу кунларда бутун мамлакатимиз ўзбекистонлик футболчиларнинг ғалабаси билан фахрланмоқда, – деди атоқли шоир Рустам Мусурмон. – Саид Аҳмад домла ҳам футболни жуда яхши кўрар эдилар. Бу устоз ёзувчининг телеминиатюра асарларида ҳам жуда маҳорат билан тасвирланган. Ёшлар адиб асарларини кўпроқ ўқишларини истардим. Негаки, улар  учун  Саид Аҳмаднинг асарлари чинакам ибрат мактабидир.

Дарҳақиқат, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг  ҳаёт йўли, уларнинг асарлари ёшлар учун садоқат, меҳр, қатъият, фидойилик, матонат мактабидир. Бу жиҳатлар адибнинг асарларида, шунингдек, унинг фарзанди Нодира Ҳусанхўжаеванинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси  орқали адабиёт мухлисларини таништириб бораётган тарихий ҳужжатлар, қимматли фотосуратлар, турли йилларда босма нашрларда эълон қилинган ҳикоя, публицистик асарлар, таржималари, шеърлар, очерк ва бошқа адабий жанрдаги ижод намуналарида ҳам ўзининг яққол ифодасини  топган.  

Адабий тадбирда Саид Аҳмад ижоди хусусида батафсил сўз юритилди. Саида Зуннунова шеърларидан намуналар ўқилди. Қўшиқлар янгради. Ижодкорларнинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди.  

Назокат Усмонова,  

Аҳмаджон Тўраев (суратлар), ЎзА