Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ёзувчи Ҳамид Бурхоннинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, афсонавий партизан Мамадали Топиболдиевнинг жасорати ҳақида сўзловчи “Кўприк” номли романи тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Салим Aшур, таниқли журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Aҳмаджон Мелибоев, Мухтор Худойқулов, Сирожиддин Рауф, Рустам Мусурмон, Турсун Aли, Фароғат Худойқулова ва бошқалар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи бадиий асарлар миллий адабиётимизда алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлади.
Ҳамид Бурхоннинг “Кўприк” романи тарихий далил ва реал воқеликларга асосланган ҳолда яратилгани эътиборга моликдир. Асарда риштонлик қаҳрамон Мамадали Топиболдиевнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати ва фидойилиги акс этади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Мамадали Топиболдиевнинг жасорати Россия, Беларусь Республикасининг музейлари, оммавий ахборот воситаларида ҳали-ҳануз ҳурмат ва эҳтиром билан эътироф этилади.

Муаллиф асар қаҳрамонининг шахс ва арбоб сифатидаги ажойиб фазилатларини гавдалантиришга ҳаракат қилган. Китобга Собир Ўнар муҳаррирлик қилган.
– Халқимиз Мамадали Топиболдиевдек ўз қаҳрамонлари билан фахрланади, – деди Сирожиддин Рауф. – Мамадали Топиболдиевнинг жасорати ҳақида ўнлаб асарлар ёзилса, кинофильмлар яратилса арзийди. Aсар ҳужжатли роман бўлса-да, унинг ёзилиши ҳали кўплаб бадиий асарлар яратилишига туртки бўлади.

Тақдимот тадбирида адибнинг ижодий фаолияти ва янги асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Муаллифга уюшманинг эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА