Бу йил “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” қабул қилинганига 75 йил тўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги вакили Матильда Богнер билан суҳбатлашди.
– Матильда хоним, маълумки бу йил Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 75 йил тўлди. ХХ асрнинг муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларидан бири сифатида мазкур декларациянинг халқаро ҳуқуқ тизимидаги ўрни, аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз.
– Бундан етмиш беш йил муқаддам миллионлаб одамлар ҳаётини барбод қилган, жуда кўп вайронагарчиликка сабаб бўлган Иккинчи жаҳон уруши тугаган. Умуман, биринчи ва иккинчи жаҳон уруши инсоният ҳаётида нисбатан қисқа давр ичида содир бўлган икки даҳшатли воқеа ҳисобланади. Ана шундай оғир бир вазиятда дунёнинг турли минтақалари давлатлари даҳшат, вайронагарчилик ва қашшоқликка якун ясайдиган муҳим ҳужжат – декларацияни яратиш учун бирлашди.
Улар ўзлари ва келажак авлод учун урушдан узоқлашиш йўлини кўрсатадиган харита яратди. Барча давлатлар янада адолатли, тенг ҳуқуқли ва қарама-қаршиликка, зарбага чидамли жамият барпо этадиган қадамларни режалаштирди ва муайян хариталар тузди. Бу хариталарда фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилди. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ, ҳар қандай камситиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қийноқдан холи яшаш ҳуқуқи акс эттирилди. Қолаверса, таълим ва тўғри овқатланиш, соғлиқни сақлаш, тоза сув, санитария, ижтимоий ҳимоя ва уй-жой тўғрисидаги ҳуқуқлар ҳам қамраб олинди.
Ушбу тарихий ҳужжатда эркин фикр билдириш ва шахсий дахлсизликка эришиш, эркин уюшмалар тузиш ва тинч йиғилиш ўтказиш, адолат ва адолатли меҳнат шароитига эга бўлиш, одил судлов ва қонуннинг тенг ҳимояси, давлат ишида бемалол ва мазмунли иштирок этиш сингари ҳуқуқлар ҳам аксини топган.
Ҳар бир кишига хос айни ҳуқуқлар 30 моддадан иборат “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да жамланди ва инсон қадр-қимматини юксалтириш йўлида ҳуқуқий асос бўладиган тарихий ҳужжат яратилди.
Жорий йил нишонланадиган ушбу декларациянинг 75 йиллиги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг 30 йиллигига тўғри келди. Шу муносабат билан эълон қилинган “Инсон ҳуқуқлари-75” бир йиллик ташаббусининг уч асосий мақсади универсаллик, тараққиёт ва БМТ бошчилигида шериклар билан ҳамкорликдан иборат. Лойиҳа 2023 йил декабрь ойида Женевада бўлиб ўтадиган юқори даражадаги тадбир билан якунланади. Эътиборли жиҳати, ўша анжуманда инсон ҳуқуқлари келажаги бўйича глобал чақириқлар, ғоялар эълон қилинади.
– Декларация қабул қилиниши оддий одамлар турмуш тарзида қандай ўзгаришлар ясади?
– Ўтган 75 йил ичида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси дунё мамлакатларига улкан тараққиёт йўлини кўрсатди. Беш юздан ортиқ тилга таржима қилинган ва натижада Гиннес рекордлари китобига киритилган декларация ҳақиқатан том маънодаги дунёвий универсал ҳужжатдир.
Глобал ва минтақавий миқёсда доимий асосда қўлланадиган етмишдан зиёд инсон ҳуқуқлари бўйича шартнома қабул қилинишига туртки бўлган мазкур ҳужжат 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибининг асоси, дейиш мумкин.
– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида қандай ўрин тутади?
– Декларация 1966 йил БМТ Бош Aссамблеяси томонидан қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ тўғрисидаги халқаро пактларни ишлаб чиқиш учун йўл очди. Бу икки шартнома, одатда, “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл” деб ҳам аталади.
Ўзбекистон 1995 йилдан буён ушбу асосий ва инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб бошқа халқаро шартномаларга амал қилади. Янги Конституцияга кўра, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда барча халқаро шартномаларни мамлакат ҳуқуқий тизимининг ажралмас қисми, деб билади. Қолаверса, мамлакат БМТ Шартнома органларига мунтазам равишда ҳисобот беради ва мазкур тузилмалардан тавсия олади. Жорий йил 8 ноябрда Ўзбекистон фаолияти тўртинчи марта Универсал даврий шарҳ доирасида кўриб чиқилади. Бундан кўзланган мақсад барча мамлакатларда инсон ҳуқуқи билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ва инсон ҳуқуқи бузилишини, қаерда содир бўлишидан қатъи назар, ҳал қилишдир. Шунингдек, ушбу шарҳ ҳар бир давлатнинг саъй-ҳаракатини намоён қилиш имконини беради.
– Жорий йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда декларацияда қайд этилган қоидалар қай даражада аксини топган, деб ўйлайсиз?
– Декларацияда мавжуд 30 моддада асосий фуқаровий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ жамланган. Дунёдаги кўплаб конституциялар каби Ўзбекистон Конституцияси ҳам декларациядан илҳомлангани, барча ҳуқуқларга ҳаволани ўз ичига олгани аниқ.
Инсон ҳуқуқи ҳар қандай замонавий давлат конституциявий тузуми асосини ташкил этиб, нафақат шахс, гуруҳ ва давлатга тегишли муносабатни белгилайди, балки давлат тузилмаларига, қарорни қабул қилиш ва назорат қилиш жараёнига алоқадор. Шу боис ҳуқуқ тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳар қандай замонавий конституциянинг ажралмас қисмини ташкил қилади. Масалан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида илмий-ижодий эркинлик, илм-фан ютуқлари натижасидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқини тартибга солишга жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, 27-моддада ҳар бир инсон жамият маданий ҳаётида, илмий тараққиётда эркин иштирок этиш, санъатдан баҳраманд бўлиш, соҳа ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Асосий қонунида ҳам илм-фан, ижод, таълим масалаларига алоҳида урғу берилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар тизимида илм-фан, ижод, маданият билан боғлиқ ҳуқуқ муҳим ўрин эгаллайди.
– Сир эмас, халқаро геосиёсий вазиятда айрим давлатлар томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Умуман, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ратификация қилган давлатлар ўз мажбуриятини қай даражада бажармоқда?
– Давлатлар инсон ҳуқуқини ҳурмат, ҳимоя қилиш ва бажаришга мажбурдир. Яъни, ҳурмат қилиш мажбурияти давлатлар инсон ҳуқуқидан фойдаланишга аралашмаслик ёки чеклашдан тийилиши кераклигини англатади. Ҳимоя қилиш мажбурияти давлатдан шахс ва гуруҳни инсон ҳуқуқи бузилишидан ҳимоя қилишни талаб қилади. Бажариш мажбурияти эса давлат инсонга асосий ҳуқуқдан фойдаланишга ёрдам бериш учун ижобий ҳаракат қилиши кераклигини англатади.
БМТ тизимида инсон ҳуқуқини назорат қилиш механизмининг икки тури мавжуд: шартномага ёки низомга асосланган органлар.
Мустақил экспертлар қўмиталаридан ташкил топган Инсон ҳуқуқи бўйича 10 та шартнома органи инсон ҳуқуқи бўйича асосий халқаро шартномалар бажарилишини назорат қилади. Ўзбекистон БМТ Шартнома органларига ҳам мунтазам равишда ҳисобот беради ва мазкур тузилмалардан тавсия олади.
Низомга асосланган органларга Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, махсус процедуралар, универсал даврий таҳлил ва мустақил текширув киради.
“Инсон ҳуқуқи-75” ташаббусининг яна бир асосий мақсади давлат институтлари (ижро этувчи ва қонун чиқарувчи органлар ва суд ҳокимияти), маҳаллий ва минтақавий ҳокимият, шунингдек барча учун инсон ҳуқуқидан кенгроқ фойдаланишга қаратилган аниқ ўзгаришларни келтириб чиқарадиган ваъдалар ишлаб чиқишдан иборат. БМТга аъзо давлатлар “Инсон ҳуқуқи-75” доирасида камида биттадан бештагача энг муҳим ташаббус ва таклиф киритишга чақирилади.
– Ўзбекистон Президенти Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу фармон ҳақида қандай фикрдасиз?
– Биз Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқини ҳурмат қилиш, илгари суриш ва бажариш мажбуриятини юқори баҳолаймиз. Эътироф этиш керак, фармонда бир неча йўналиш бўйича давлат режасини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга ошириш белгиланган. Шу билан бирга сиёсат, қонунчилик ва амалиётни Ногиронлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция, Қийноққа қарши конвенция Факультатив протоколи ва инсон ҳуқуқи бўйича бошқа асосий шартномаларга мувофиқлаштириш каби кўплаб ташаббуслар илгари сурилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол аъзоси сифатида, биз Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва бажаришга интилишини юқори баҳолаймиз, қўллаб-қувватлаймиз.
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова суҳбатлашди.