Тошкент давлат транспорт университетида Ўзбекистон математиклар жамиятининг кўчма йиғилиши бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистон математиклар жамияти академиклари ҳамда республика олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Йиғилишда математика соҳасини янада ривожлантириш борасида ўзаро фикр алмашилиб, академиклар – Шавкат Алимовнинг «Муҳандислик масалаларини математик моделлаштириш», Азимбой Саъдуллаевнинг «Техник масалаларни ҳал қилишга комплекс ўзгарувчан функцияларни қўллаш» мавзуидаги маърузалари тингланди.
– Мамлакатимизда математика фанини ўқитишга эътибор кучаяётгани бежиз эмас, – деди Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳмонов. – Бу, айниқса, транспорт соҳасида яққол намоён бўляпти. Транспорт тармоғи тобора кенгайиб, соҳада ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, уларни ҳал этишда мутахассисларнинг математикадан тайёргарлигини ошириш, татбиқий математикани ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш зарурияти кучаймоқда. Рақамли иқтисодиёт, ўз навбатида, математик тадқиқотларни амалиётда қўллаш эҳтиёжини тезлаштирди. Бугунги технологиялар даврида математик билимлар билан қуролланган муҳандисларга талаб ва эҳтиёж ортмоқда. Бу эса дарслар жараёнида фанларнинг ўзаро интеграциялашувини талаб этади. Айни пайтда университетимизда илмий изланиш олиб бораётган ёшлар жуда кўп. Бугунги анжуман профессор-ўқитувчиларимиз илмий фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Тадбир доирасида Фанлар академияси В.Романовский номидаги Математика институти билан Тошкент давлат транспорт университети ўртасида меморандум имзоланди. Эндиликда мазкур меморандум университетда математика фанини ўқитиш сифатини юқори даражага кўтариш, муҳандислик соҳасида математик моделларни қўллашга имкон яратади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА