French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Математика – тафаккур, тасаввур фани ёхуд шубҳа бор жойда илм бор (ми?)
16:46 / 2020-05-22

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.


Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Таълимнинг барча босқичларида математика фанини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, педагогларнинг самарали меҳнатини қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва амалий аҳамиятини ошириш, халқаро ҳамжамият билан алоқаларни мустаҳкамлаш каби мақсадларни кўзда тутган мазкур ҳужжат билан математика илмини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра, ҳар бир туман ва шаҳарда математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Ушбу мактаблар директорлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодий ва бошқарув жараёнларига математик усуллар ва моделларни жорий қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Ўқувчиларнинг математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий этилади. Имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга абитуриентлар давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда математика фанидан тест синови топширишдан озод этилади.

Математика соҳасидаги фундаментал ва амалий илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимларни мукофотлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди. Мукофот совриндорларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул мукофоти берилади.

Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

– Нима учун юртимизда математика соҳасидаги таълим самарадорлигини оширишга бунчалик катта эътибор берилаётгани кўпчиликни қизиқтиради, – дейди Самарқанд давлат университети профессори, академик Саидаҳмад Лақаев. – Жорий йилнинг 31 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир гуруҳ академиклари, математиклар ва бошқа соҳалар олимлари билан учрашувда барча фанларнинг асосида математик билим ва илм ётишини таъкидлаб, буни асослаб берган эди.

Математика маълум (аниқ) хоссаларга эга бўлган объектлар орасидаги муносабатларни ўрганадиган фундаментал фан бўлиб, табиий фанлар мазмун-моҳиятини аниқ ифодалаш, баён қилиш ҳамда натижаларни олиш учун ҳам хизмат қилади. Бошқа фанлар учун умумий тил воситаси (модели) бўлиш вазифасини бажаради ва шу маънода уларнинг ривожи учун муҳим асос бўлади. Бу фанни яхши билган бола тўғри фикрлайдиган ва юксак тафаккурли, ақлли ва ростгўй бўлиб ўсади, кенг тасаввурга ҳам эга бўлиб, исталган соҳада муваффақиятга эриша олади.

Бу қарор билан Ўзбекистонда математика илми соҳасида маълум натижаларга эришилгани, математика таълимида ҳам маълум ютуқларнинг борлиги ва бу фанни ўқитиш услублари мукаммал эмаслиги таъкидланган. Илмий изланишлар соҳасида халқаро ҳамжамият тан оладиган ютуқларимизнинг етарли эмаслиги қайд этилиб, таълимнинг барча босқичларида математика фанини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва амалий аҳамиятини ошириш, хорижий илмий мактаблар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун етарлича шароит ва имкониятлар яратиш зарурлиги белгиланди.

Қарор таълим ва илм соҳаси вакиллари зиммасига қуйидаги вазифаларни юклаяпти:

Халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган барча раҳбарлар олдига иқтидорли ёшларни, лаёқатли ўқитувчиларни ва мактаб директорларини танлашни ҳамда ёшларнинг математика илмига лаёқатлилиги, бу фандан маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб совринли ўринларни эгаллашини таъминлайдиган ихтисослаштирилган мактабларни шакллантириш.

Олий таълим соҳасида ишлайдиган раҳбарлар ва профессор-ўқитувчиларга умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ҳамда олий таълим муассасаларида математика фанларини ўқитиш сифатини ошириш, халқ таълимига, олий таълим муассасаларига ва фанлар академияси илмий тадқиқот институтларига математика соҳасида етук, билимли кадрлар тайёрлаб бериш

Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбарлари ва математика соҳасида илмий тадқиқот олиб бораётган олимларга математика илми бўйича мамлакатимизнинг илмий ташкилотларини босқичма-босқич жаҳоннинг математика фани соҳасидаги етакчи илмий марказлари даражасига кўтариш.

Академик олимнинг қайд этишича, бугун мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини икки ойдан буён давом этаётган карантин яққол кўрсатди. Коронавирус тарқалиши муаммолари ҳам математик моделлар асосида, яъни математика тилида таҳлил қилинди ва хулосалар чиқариляпти.

Дейлик бирор нарсани кўрсак, эшитсак, ҳис қилсак уни сўз, мусиқа, мўйқаламда чизиб акс эттириш, ифодалаш мумкин. Инсон ўз ҳиссиётларини, фикрларини сўз, куй, қўшиқ, рақс ва ҳоказолар ёрдамида тингловчига етказади. Буларнинг ҳаммаси инсон ҳиссиётлари ва тасаввурлари моделлари бўлиб хизмат қилади.

Математикада ҳам рақамлар, объектлар, турли амаллар ва белгиларда ифода этилаётган фикрлар замирида аввало тафаккур ва тасаввурлар мужассам. Олим аниқ рақамлар ёрдамида айтиладиган фикрларини пухта ўйлаб, тафаккур қилиб кейин баён қилади. Математикада кўринмайдиган нарса, тушунчалар асосида фикрланади ва тасаввур қилинади. Табиат, жамият ҳамда бошқа фанлардаги жараёнлар, ҳодисалар ва қонуниятлар математика тилида, яъни математик моделлар ёрдамида худди юқорида айтилган рақс, куй, мўйқаламда чизилган расм, бадиий асар ва ҳоказолар каби ифодаланади.

Лекин, одатда, биз математикани сонлар устидаги амаллардан иборат деб ҳисоблаш билан чегараланамиз. Ваҳоланки, ўйлаб, тафаккур қилиб, бу фан орқали кўплаб янгиликлар, кашфиётлар қилиш мумкин. Бунинг учун эса шу фанга қизиқадиган, тафаккури ва тасаввури кенг, иқтидорли болаларни аниқлаб, уларни ёшлигидан илмга тўғри йўналтириб бориш лозим. Ихтисослаштирилган математика мактаблари ташкил этилишининг боиси ҳам, ўқувчиларнинг математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини жорий этишнинг йўлга қўйилиши сабаби ҳам шунда.

– Ўтган асрнинг 90 йиллари бошида Самарқанд давлат университети ректори Т.Мўминов ташаббуси билан физика ва математика факультетларининг талабалари орасидан 15-20 нафар иқтидорли ёшларни саралаб, алоҳида гуруҳ шакллантиргандик, – деб сўзида давом этади академик. – Уларга дарс берувчилар ҳам профессор-ўқитувчилар орасидан танлаб олинганди. Фанлар чуқурлаштириб ўқитилар, асосий эътибор нафақат шу пайтгача математикада эришилган натижаларга, балки ҳал қилинмаган, келажакда ечилиши зарур бўлган масалаларга қаратиларди. Ва бундай ёндашув ўз самарасини берган эди. Худди шундай Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида математикага ихтисослашган махсус мактаблар, гимназиялар ташкил этилгани ҳам бу фан ривожига хизмат қилган, иқтидорли математиклар шаклланишига ёрдам берганди. Афсуски, кейинчалик бу мактаблар эътибордан четда қолди.

Мен таълим ва илм масалаларида кўп ўйлаганман ва муаммо бор жойда илм бор деган хулосага келганман. Яқинда Имом Ғаззолийнинг илм ҳақидаги бир фикрини ўқиб хурсанд бўлдим. Шубҳа бор жойда илм бор, деб ёзади аллома. Алломанинг илм ҳақидаги бу эътирофи, илм билан астойдил шуғулланган, илмни англаган ва ҳис қилган инсонгина, илм ҳақида, бундай фикрни айтиши мумкинлиги, мени хурсанд қилган эди.

Бу фикр нафақат диний ва ижтимоий илмлар, балки барча фанлар ва дунёвий илмларга, жумладан математика илмига ҳам тааллуқли деб ўйлайман.

Бизнинг йиллар давомида шаклланиб келган таълим тизимимизда ҳаммани яхши ўқитиш керак, ёшлар ҳамма фанларни ўзлаштириши керак деган қарашлар бор. Лекин бу имконсиз ва кимга қандай билим беришни билмаслик ва тушунмасликнинг натижасидир. Ҳаммани яхши ўқитиб, барча фанларни пухта ўзлаштириб бўлмаслигини англамаслик бу номигагина таълим беришни оқлашдир. Ўқувчининг иқтидори, қизиқиши ва билимни қабул қилиши даражасини англаш – таълимнинг асосий вазифасидир. Жумладан, математикани ўрганишда ўқувчининг миясида бўлаётган фикрлаш ва англаш жараёнини ҳис қилиб унинг йўналишини тўғрилаб қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда юртимиз таълим тизимидаги ислоҳотларнинг айнан шу йўналишда бўлаётгани юртимизда илм-фаннинг ривожланишига берилаётган катта эътиборнинг намунасидир.

Илмий ишларим билан боғлиқ ҳолда кўпгина ривожланган хориж мамлакатлари олимлари билан бирга илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида ўша давлатларда бўлганман. Таълим жараёнлари ва тизими билан қизиққанман. Улар ўқувчига иқтидорига қараб таълим беради ва тарбиялайди. Боланинг ёшлигидан нимага қизиқиши, нималарни ва қандай қабул қилиши ҳамда бошқа иқтидорларини аниқлаб, кейин унга мос таълим-тарбия берадилар. Ҳамма ҳам математикага қизиқмайди ва унга қобилияти йўқ, худди шундай ҳар бир болада ҳам адабиётга ёки тарихга қизиқиш ва зарур қобилият кузатилмаслиги мумкин. Шунга қараб уларни йўналтириш ва мос таълим-тарбия бериш керак.

Ҳозир юртимизда Президент мактаблари, ижод мактаблари, Темурбеклар мактаби ва шу каби бошқа махсус таълим муассасалари ташкил этиляпти. Уларнинг барчаси маълум соҳаларга ихтисослашган ва мақсади зарурий қобилиятларни рўёбга чиқариш ва ривожлантириш. Ҳақиқий истеъдодли ёшлар, бўлажак олимлар, етук мутахассислар ана шундай мактабларда камолга етади. Янги ташкил этиладиган ихтисослашган математика мактаблари ҳам ана шундай истиқболли таълим муассасаларидан бўлишига ишонаман. Фақат бу мактабларда илм олувчи ҳам, илм берувчи ҳам ва унинг раҳбарлари ҳам билим ва илмни қадрлаши зарур.