Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Математика фани тараққиётида янги давр бошланмоқда
19:04 / 2020-09-28

У 1974 йил Самарқанд давлат университетининг механика-математика факультетини тамомлаб, илк фаолиятини Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги 32-ўрта мактабда математика ўқитувчиси бўлиб бошлаган.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан 

Суҳбатдошимиз Абдуманнон Мусаев 46 йиллик педагогик стажга эга бўлган тажрибали ўқитувчилардан бири.

У 1974 йил Самарқанд давлат университетининг механика-математика факультетини тамомлаб, илк фаолиятини Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги 32-ўрта мактабда математика ўқитувчиси бўлиб бошлаган. 1976-1978 йиллари Озарбайжоннинг Боку давлат университети аспирантурасини тамомлагандан сўнг, 1983 йилдан то ҳозиргача Жиззах политехника институтида ишлаб келаётир. Физика-математика фанлари номзоди. Жами 50 га яқин илмий-услубий ишлар, илмий мақола, қўлланмалар муаллифи.

– Домла, аввало касб байрамингиз муборак бўлсин! Агар сир бўлмаса, касб байрамини қандай қаршилаяпсиз?

– Айни пайтда кайфиятим аъло. Ҳар бир инсон шахсий ҳаётида унинг оиласи каби касби, бирга ишлайдиган жамоаси ҳам азиз. Шу маънода касб байрамида касби билан боғлиқ яхши янгиликлар, айниқса, қувонч бағишлаши табиий. Мана, ҳозиргина uza.uz сайтида Қоракўл тумани Халқаро математика мактабини 2019-2020 ўқув йилида битирган 48 нафар ўқувчининг барчаси – 100 фоиз талабалик бахтига мушарраф бўлгани ҳақидаги хабарни ўқиб қувониб кетдим. Бухоронинг олис туманидаги бир мактабнинг муваффақиятидан бунчалик ҳаяжонга тушганимнинг боиси бу менга Ватанимизда илм-фан ривожида, айниқса, математика соҳасида янги бир кўтарилишнинг, янги тўлқиннинг бошланишидан даракдек туюлмоқда. Балки ҳақиқатдан ҳам шундайдир.

Чунки ҳаётда тасодифий нарсалар йўқ. Бу кейинги йилларда мамлакатимизда математика фанини ривожлантиришга давлатимиз томонидан берилаётган катта эътиборнинг натижаси. Президентимизнинг жорий йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар асосида математика мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бу – математика илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишларнинг ҳосиласи. Бундан қувонмоқ керак, албатта.

Мамлакатимизда математика фанини ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш бошланди. Ҳозир математика таълими туб бурилиш нуқтасида турибди. Биз шу йўлни сабот билан давом эттирмоғимиз лозим.

Жадал ўзгариб бораётган дунёда ҳар бир мамлакат ўз келажагини математик асослаб қуриши жуда ҳам зарур. Чунки бугунги кунда инсоният олдида чегара билмас муаммолар турибди. Жумладан, кибер таҳдид, ахборот хавфсизлиги, мана ҳозиргидек “Ковид-19” каби вирус тарқалишидек хавфлар кучайди. Бу замонавий муаммоларни ечишда информацион технологиялар, дастурлаш, математик моделлаштириш ва кимё-биология каби соҳаларни ривожлантириш жуда муҳим. Бу тараққиётнинг асосида эса математика турибди. Бизда бу фан ривожланиш босқичига кирди. Математикага ёшларнинг қизиқиши рағбатлантирилаётир, мактаблар яратилаётир. Олис Қоракўлдаги мактабнинг муваффақиятидан қувониб турганим сабаби шундан.

– Ихтисослашган математика мактаблари ташкил этилиши, бу фанни ўқитишга янгича ёндашув, юртимиз ёшларининг халқаро олимпиадаларда қўлга киритаётган ютуқлари, албатта, сиз айтгандай, жуда қувончли. Барча мактабларда математика фанини ўқитишни яхшилаш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Кўпчилик мактаб давридаги математика ўқитувчисини яхши эслайди. Ҳатто математикадан яхши ўқимаган, мактабда бу фанни ёқтирмаган, улғайгандан сўнг ҳам насибасини ҳисоб-китоб илми билан боғлиқ бўлмаган соҳаларда топиб юрганлар ҳам математика ўқитувчисини ёддан чиқаришмайди.

Масалан, Ғаллаорол туманидаги 25-ўрта мактабнинг бундан эллик йил муқаддам 9-10-синфларига математикадан дарс берган марҳум Илдус Валишевни ҳозиргача яхши эслашади. У одам фақат математикага қизиққан, кейин шу фанга алоқадор мутахассис бўлиб етишганларнинг эмас, ҳамма ўқувчиларнинг қалбида ўта ростгўй, ҳақгўй, беғараз инсон сифатида ёдда қолган. Чунки, устоз бизга ҳаётнинг ҳақиқатини математик қонуниятлар, масалалар орқали сингдирган эди.

Ҳар қандай фанни ўзлаштиришда бўлгани каби математикада ҳам ўқувчининг ютуғи ўқитувчининг билимига, маҳоратига боғлиқ. Математика фанининг асосий вазифаси фақат ҳисоб-китобни ўргатишдангина иборат эмас. У ҳаётнинг барча муаммоларига ечим топади. Математика фанидан яхши ўқиган ўқувчи бошқа фанларни ўзлаштиришга қийналмайди. Чунки математика ўқувчиларнинг фикрлаш қобилиятини оширишга хизмат қилади, тафаккур қилишга ундайди, мия имкониятларини ишга солади, мулоҳаза қилишга, тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

Масала-мисоллар бу – фақат икс-игрек, косинус-котангенсдан иборат бошқотирмалар эмас, кичик тўсиқлар. Бу тўсиқлардан ўтиш кўникмасини шакллантириш орқали бола алгоритмга – тартибга, тўғри ёки нотўғрини англашга ўрганади. Чунки математикада ярим ҳақиқат ёки ярим ёлғон деган нарса йўқ. Математика битта ҳақиқатни исботлайди – фақат тўғри ёки фақат ёлғон. Математика таълимида аравани қуруқ олиб қочиб бўлмайди.

Афсуски, бугун мактабларда, хусусан, чекка туманларда математика ўқитувчилари етишмайди. Бундай пайтда рақобат бўлмайди. Ютуқ эса рақобат туфайли юзага келади. Шунинг учун биринчи навбатда математика фани ўқитувчиларини тайёрлашни кўпайтириш керак.

Математикани ўқувчиларга чуқур ўргатадиган ўқитувчилар етарли эмас. Дарсликлар билан чегараланиб қолганлари кўп. Дарс ўтишда ижодий ёндашиш, ҳар бир математик мавзуни ҳаётий муаммолар билан боғлаб ўтиш ўқитувчидан катта маҳорат талаб қилади.

Бугун математика ва математика фани билан боғлиқ олий таълим мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларида ўқишни хоҳловчилар бошқа соҳаларга қараганда камроқ. Ўқишга кирганларнинг ҳам кўпчилигини асосий билимни мактабда эмас, репетиторга қатнаб олганлар ташкил этиши ҳам сир эмас.

Математика фанини ўқитишни такомиллаштириш бўйича ўзимизда етарлича илмий мерос ва анъаналар мавжуд. Фақат уларни бугунги кун талаблари асосида замонавий таълим технологиялари, илғор хорижий ёндашув, амалиётга кенг ўрин бериш ва тажриба билан бойитиш керак. Шунда математика ахборот технологияси, дастурлаш, криптография, иқтисодиёт, физика, назарий механика, кимё, машинасозлик, оптимал бошқарув ва бошқа кўплаб соҳаларнинг ривожланишида локомотив визифасини ўтайди.

Мактабда бу фанга қизиқадиган ўқувчи кўп бўлса, олий мактабда яхши математика ўқитувчилари кўпаяди. Яхши ўқитувчи кўп бўлса, математикага қизиқувчилар кўп бўлади. Муаммонинг икки томони бир-бирига узвий боғлиқ. Давлатимиз таълим ислоҳотларини амалга оширишда бу масалага алоҳида эътибор қаратаётгани муаммонинг ечимига умид уйғотмоқда.

– Охирги йилларда математика фанидан ўқув дастури ва дарсликлар янгиланаётир. Бу янгилаш қандай самара бермоқда, деб ўйлайсиз?

– Биз мактабда ўқиган пайтларда дарсликлар йиллар давомида ўзгармас эди. Менинг ёшимдаги кишилар ака-укалар битта дарсликдан ўқиганлигини, катталарнинг китобидан кичиклар ҳам фойдаланганини яхши эслашади. Демак, ўша пайтларда дарсликлар анча мукаммал ёзилган, ўз даврининг талабларига жавоб берган.

Математика фани бошланғич асосларини ўргатувчи мавзулар юз йиллар давомида ўзгармаслиги ҳисобга олинса, дарсликларни ҳадеб янгилашга ҳожат йўқ. Бироқ бу оддий ҳақиқатга зид равишда негадир математика фани бўйича дарсликлар мунтазам ўзгартирилиб турилибди. Буни дарсликларни бугунги замон тараққиётига мослаштириш деб изоҳлашмоқда.

Бу масалага ҳам Президентимиз эътибор қаратгани жуда қувонарли бўлди. Энди айнан дарсликлар сифати ва бугунги кундаги таълим дастурлари қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Республикамизда бу иш бошланди. Дастур ва дарсликлар масаласида барқарорлик мавжуд бўлса, таълимда сифат кўтарилиши аниқ.

– Илмий муассасалар, олимлар ҳар қандай янгиликка истиқболли деган хулосани бериб юбориши “навбатдан ташқари” янгиланишларга ҳам сабаб бўлаётгани сир эмас. Масалан, бу йилги тест жараёнида энг юқори балл тўплаган айрим абитуриент ҳам тўлов-контракт асосида ўқишга кирганлигини қандай баҳолайсиз?

– Энг юқори балл олиб контрактга ўқишга киришнинг сабаби аниқ. Бизда имтиёзларга эга бўлган ёшлар тоифалари кўп. Ҳарбийларнинг, ички ишлар ходимларининг фарзандлари, хизматдан тавсиянома олиб келганларнинг кўплиги боис билими кўпроқ абитуриент қолиб, билими камроқлар бюджет ҳисобига ўқиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Менинг шахсий фикрим, илмда имтиёз фақат билимга берилиши керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Шу номувофиқлик сабабли ҳам кириш тестларидан ўтишда адолатсизлик юз берди. Имтиёзларни қўллашда берилган мақсад, бошқа жиҳатларни ҳисобга олиб бу вазиятни оқлаш мумкиндир. Аммо билими бўлиб, талаба бўлолмаган ёш буни айнан адолатсизлик деб қабул қилади.

Шу ўринда мен имтиёздан фойдаланиб ўқишга кирган ёшни айбламоқчи эмасман, асло. Ўқишни истаган ҳар бир ёшга имконият бериш керак. Афсуски, ҳозирча бизда олий ўқув юртларидаги ўринлар ўқишни истовчиларга қараганда анча кам. Олий ўқув юртлари сонини кўпайтириш бўйича ҳам давлатимиз томонидан катта ишлар олиб борилаётир. Бу ҳаракатлар яқин йилларда ўқишга киришни истаганларнинг барчаси орзусига етишига умид уйғотади.

Шунда ҳозиргидек болага мактабда бериладиган билим ва кўникмалар тестга эмас, ҳаётга тайёрлашга қаратилиб қолиши шубҳасиз. Келгусида мутахассисга керак бўладиган билим ва кўникмалардан келиб чиқиб, тест тузилиши керак. Бу бирданига ечиладиган масалалар эмас, албатта. Ҳар томонлма чуқур ўрганиб чиқиб кейин татбиқ этишни тақозо этади. Тестология асосларига кўра, илмий асосланган, самарали тест базасини яратиш ва жорий қилиш учун катта маблағ ҳамда 3-5 йил вақт керак бўлади.

Бу масалада юқорида айтганимдек, юртимизда ихтисослашган мактабларнинг очилиши тарихий аҳамиятга эга иш бўлди. Мамлакатимизда бу соҳадаги илмий мактаблар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Биз энди фақат буюк авлодларимиз мероси билан фахрланиб қолмасдан, уни янги кашфиётлар билан бойитиш даврига қадам қўймоқдамиз. Бу жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун ҳам муҳим. Чунки математика фани чегара билмайди, яъни бизнинг эришган натижаларимиз фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун дунё учун янгилик бўлиши лозим.

Шукрки, юртимизнинг илмий салоҳияти етарли. Бугунги кунда олимларимиз юртимиз математика илмий мактабларининг мавқеини халқаро даражада сақлаб келмоқда. Улар чет эл олимлари томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбек математикларидан 2 нафари – Бутунжаҳон фанлар академияси академиги ва 5 нафари – TWAS’нинг ёш олимлар бўлими аъзоси.

Амалга оширилаётган ишлар етук математик мутахассислар тайёрлаш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Истиқболга элтувчи йўл – шу.

ЎзА мухбири
Т.БЕКНАЗАРОВ
суҳбатлашди.