Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Математика фани ўқитувчилари малакасини оширишнинг янги намунавий ўқув дастури ишлаб чиқилди
10:57 / 2020-11-08

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият, маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш мақсадида 2020 йил мамлакатимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб эълон қилиниб, илм-фан соҳаларини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Аждодларимиз тамал тошини қўйган математика фани илм-фан ва техниканинг замонавий тармоқлари жадал ривожланиши жараёнида янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Математика фанини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, жорий йил 7 майда Президентимизнинг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, А.Авлоний номидаги малака ошириш институти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

А.Авлоний номидаги малака ошириш институти матбуот хизмати хабарига кўра, В.И.Романовский номидаги Математика институти ва А.Авлоний номидаги малака ошириш институти ўртасидаги келишувлар асосида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумда томонлар ўқув дастурлари, ўқув қўлланмалари ва бошқа таълимга оид материалларни ишлаб чиқиш, таълим жараёнига ўқитишнинг замонавий инновацион шакл ва усулларини татбиқ этишда, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиши белгиланган.

Ҳамкорликнинг биринчи босқичида икки институт мутахассислари томонидан Математика фани ўқитувчилари малакасини оширишнинг янгича намунавий ўқув дастури ишлаб чиқилди.

Ушбу тажрибавий ўқув дастури математика фани ўқитувчилари малакасини ошириш мазмунини замонавий талаблар асосида олиб бориш ва уларнинг касбий компетентлигини оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбир тўғрисида”ги фармони лойиҳасида малака ошириш тизимида ҳам бир қатор ўзгаришлар белгиланган.