Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Матбуотда ёритилган ҳар бир мақола публицистика бўлавермайди 
14:31 / 2024-02-15

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий публицистика кенгашининг 2023 йил фаолияти якунларига бағишланган йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ўтган 2023 йилда газета-журналларда эълон қилинган публицистик мақолалар ҳамда публицистик китоблар муҳокамасига эътибор қаратилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бадиий публицистика жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жараёнларга, дунё миқёсида юз бераётган, одамлар онгу-шуурига, дунёқараши ва турмуш тарзига таъсир кўрсатаётган воқеа-ҳодисаларга тезкор ва холис муносабат билдирувчи ижодий тафаккур маҳсулидир. Бу жанр ўқувчи онгига тез таъсир кўрсатади, бирор бир вазифа ёхуд муаммо хусусида жамоатчилик фикрини юзага келтиради, бу фикрни аниқ мақсад йўналишида ривожлантиради ҳам. 

Публицистика жамият ҳаётининг шу кундаги, айни замондаги ижтимоий аҳамиятга молик воқеа-ҳодисаларини акс эттириб, оммага етказади, даврнинг долзарб масалаларига муносабат билдиради, ечилиши керак бўлган муаммоларни кўтариб чиқади. Унинг бош вазифаси жамоатчилик фикрини уйғотишдан иборат. Бадиий публицистика ҳаётнинг барча соҳаларини акс эттирса-да, бунда у алоҳида бадиий ифода воситаларига таянади. Яъни, ҳаётга бадиий адабиёт нуқтаи назаридан ёндашади, уларни бир-бирига узвий боғлайди. 

Ўтган 2023 йил бадиий публицистика йўналишида эътиборга молик ижодий натижалар кўзга ташланди. Қайд этиш зарурки, кейинги тўрт-беш йил давомида бу йўналишда ижтимоий публицистика устуворлик қилмоқда. Кўп муаллифлар йирик тадқиқот мақолалар эълон қилишди. Бу борада аввал бўлгани каби, Ҳаким Сатторий, Умид Бекмуҳаммад, Зуҳриддин Исомиддинов, Зулфия Мўминова, Мунаввара Усмонова, Муҳтарама Улуғова ва бошқа кўплаб ижодкорлар фаоллик кўрсатишаётир. 

[gallery-15981]

2023 йил Ғулом Мирзонинг “Жондан азиз хотиралар”, “Абдулла Орипов, Ғайбулла ас-Салом билан мулоқотлар”, “Ҳуррият”да Акмал Саидовнинг тақризи эълон қилинди. “Икки элнинг азиз фарзанди” Ч.Айтматовнинг 95 йиллигига бағишланган махсус тўплам нашрдан чиқди. Унда ўзбекистонлик айтматовшунос олимларнинг элликдан ортиқ мақоласи, эсселари эълон қилинди. Хайриддин Султоннинг “Ишонч телефони” каби кўплаб энг яхши публицистик мақолалар тўплами ўқувчилар қўлига бориб етди. 

Йил давомида кенгашда бир неча ёшларнинг публицистик тўпламлари муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қайта ишлаш учун муаллифларга қайтарилди. Эълон қилинган публицистик тўпламлар ва нашр этиш учун кенгашга ҳавола этилаётган қўлёзмаларни ўқиш жараёнида бир ҳолат кўзга ташланади. Яъни, кўпчилик муаллифлар оддий ахборот хусусиятига эга мақолаларни ҳам бадиий публицистика сифатида тўпламларга киритади. 

Бу камчилик хусусида кенгаш йиғилишларида муаллифларга тегишли тавсиялар берилди. Хусусан, матбуотда бироз аввал Ҳаким Сатторийнинг публицистика ўзи нима, у қандай ёзилиши, муаммоларга қандай муносабат билдириши, публицист ўзи таҳлилга тортаётган муаммонинг ечими хусусида қандай хулосага келиши ҳақида жиддий мақоласи эълон қилинди. 

Кенгашнинг 2024 йилдаги иш фаолиятида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. 

Н.Усмонова, ЎзА