Президент қарори қабул қилинишига қадар матбуот хизматларининг ахборот манбаалари 930 та бўлса, ҳозир бу кўрсатгич 2400 тадан ошиб кетган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш, матбуот котиблари ишини такомиллаштиришга оид “Давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлаш: замонавий талаб ва тенденциялар” мавзусида ўқув-семинар ўтказилмоқда.
Ўқув-семинар очилишига бағишланган тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича агентлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, қарор асосида ўтган бир йилдан ортиқ вақт давомида республика даражасидаги 50 дан ортиқ ташкилот, 201 та туман ва шаҳарда биринчи марта ахборот хизматлари ташкил этилди. 70 га яқин ташкилотда эса қайта ташкил қилиниб, фаолияти такомиллаштирилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жами 630 нафар матбуот котиблигига номзодлар суҳбатдан ўтказилиб, агентлик ва ҳудудий бошқармаларининг тавсиялари асосида раҳбарларнинг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимга тайинланди.
Бу йўналишда барча ташкилотларда қатор ишлар амалга оширилиб, масалага катта масъулият билан ёндашилмоқда. Вазирлик ва идораларда ушбу хизматнинг вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди ҳамда уларга зарур шарт-шароитлар яратилди.
Хусусан, ахборот хизмати раҳбари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи мақомига эга бўлди ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра, давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилди. Бу эса матбуот котибининг ўзи меҳнат қилаётган ташкилотда юқори мавқега эга бўлиши, ташкилот фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай муҳим жараёнда фаол иштирок этиши ва энг долзарб масалаларда жамоатчиликни тезкор хабардор қилишда алоҳида аҳамиятга эга. Аввалги матбуот хизматлари ўрнида шаклан ва мазмунан катта куч ва салоҳиятга эга, барча имкониятлар яратиб берилган ахборот хизматлари ташкил этилди.
Қарор қабул қилингунга қадар ахборот хизматлари соҳасида жами 433 нафар мутахассис фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг умумий сони 1067 нафарни ташкил этмоқда.
Яна энг муҳим жиҳатларидан бири – бу расмий ахборот манбаларининг кескин кўпайганидир. Президент қарори қабул қилинишига қадар матбуот хизматларининг ахборот манбаалари 930 та бўлса, ҳозир бу кўрсатгич 2400 тадан ошиб кетган. Бу жамиятнинг ишончли ахборотга бўлган талабини қондиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳар бир давлат ташкилотида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш кун тартибидаги энг долзарб масалалар қаторига чиқиб улгурди. Айниқса, ташкилот раҳбарларининг оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиши, ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериши, жамоатчилик билан доимий алоқа қилиши талаб этилмоқда. Бу, ўз навбатида, ахборот хизматларининг нафақат ташкилотдаги ўрни ва роли, балки, жамият ҳаётидаги иштироки қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқда.
Агентлик мутахассислари томонидан ташкил этилган гуруҳларда танқидий мазмундаги чиқишларга тезкорлик билан давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ахборот хизматлари расмий ахборот ресурслари орқали муносабат билдириб бориш механизми йўлга қўйилган. Бунинг натижасида танқидий материалларга ташкилотлар томонидан расмий муносабат билдириш ҳолати республика миқёсида 10-15 фоиздан қарийб 70-80 фоизга яқинлашди. Бу оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган муаммоларнинг аксар қисми ҳал этилаяпти, дегани аслида.
Бу йилги мураккаб пандемия шароити, карантин даврида ҳам аксарият ахборот хизматлари аввалига нисбатан бир неча баробар катта куч ва матонат билан ишлашига тўғри келди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Давлат хизматлари агентлиги каби ташкилотларнинг ахборот хизматлари кенг жамаотчиликни энг муҳим ахборотлардан хабардор қилиб борди. Пандемия шароити ҳам ташкилотдаги ахборот хизматининг қанчалик муҳим эканини яна бир марта кўрсатиб берди.
Тадбирда таъкидланганидек, ахборот хизматлари олдига давлат органлари фаолияти тарғиботи билан боғлиқ жуда муҳим бўлган қатор йўналишда вазифалар қўйилган. Айни пайтда ахборот хизмати ходими ташкилотнинг бошқа ходимлари каби ички тартибга бўйсуниши, хатлар билан ишлаши билан бир қаторда, мақола ва материаллар тайёрлаши, ахборот макони мониторингини юритиши, ташкилотнинг веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мобил мессенжерлардаги каналларига ахборот жойлаштириши, матбуот тадбирларида модераторлик қилиши, фото-видео материаллар тайёрлаши, қатор медиа-режалар ижросини таъминлаши, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан тил топишиб ишлаши керак. Ана шу йўналишда ишларни янада самарали ташкил этишда ушбу ўқув-семинарларининг аҳамияти катта бўлиб, зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.
Матбуот котибларининг касбий малака ва кўникмаси маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида оширилмоқда. Хусусан, бу борада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Вазирлар Маҳкамаси котибияти ўртасида имзоланган меморандум асосидаги ишлар самарали бўлди.
Шунингдек, 2019 йилда республика ва ҳудудий ташкилотларнинг ахборот хизматлари раҳбари ва ходимлари учун 50 дан ортиқ ўқув-семинарлар ташкил қилинган эди. Мазкур ўқув семинарларда ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилишга доир қонунчилик шарҳи, ахборот хизматлари томонидан жамоатчилик ва ОАВ вакиллари учун тадбирлар ташкил этишнинг самарали услублари, ташкилот томонидан кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари ва уларнинг тарғиботига доир долзарб масалалар, ахборот хизматлари фаолиятида интернет ва мультимедия технологияларини қўллаш ва бошқа бир қатор йўналишлар қамраб олинган эди.
Жорий ўқув-семинарида эса бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда матбуот котиби ва ташкилот раҳбарининг имижини шакллантириш, ижтимоий тармоқлар билан самарали ишлаш, унга материал жойлашда эътибор қаратиладиган муҳим жиҳатлар, онлайн ва оффлайн ахборот тарқатишнинг ўзига хос томонларини қамраб олган мавзуларда машғуотлар ўтказилади.
Ўқув-семинар машғулотлари қарийб бир ой давомида 20 кишилик гуруҳга бўлинган ҳолда ўтказилиб, унда 120 дан ортиқ республика даражасидаги вазирлик, идора ва ташкилотларнинг матбуот котиблари иштирок этиши режалаштирилган. Ўқув машғулотлари “Матбуот котиби, ташкилот раҳбарининг индивидуал имижи ва корпоратив имиж компонентлари”, “Мақсадли аудиторияни аниқлаш ва у билан ишлаш усуллари”, “Ташкилот сайти: қулайлик ва ноанъанавийлик сари”, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар учун видео материал тайёрлашда мобиль телефонлардан фойдаланиш”, “Замонавий медиа муҳитида кризис коммуникациялар ва уларни бошқариш имкониятлари” каби мавзуларда ташкил этилмоқда.
Тадбирда давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Давлат ва хўжалик органлари ахборот хизматлари томонидан сифатли ахборот ва таҳлилий материалларни тизимли ва тезкор равишда тайёрлаш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини содда тилда тушунтириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан баҳоланса, ушбу ўқув-семинар юқоридаги каби вазифаларни самарали амалга оширишда ўзига хос методик ёрдамдир.
Ўқув-семинар якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.