Кунлар анча совиб қолди. Бу эса олдимиздаги қишнинг қорли-ёмғирли кунларидан дарак беради.
Айни шу совуқ кунларда мавсумни беталофат ўтказиш Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга катта масъулият юклайди. Мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида вазирлик томонидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг буйруғи билан Матбуот-штабининг ташкил этилиши ҳам айни шу тадбирлардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Эльмира Бекмуродованинг маълум қилишича, мазкур Матбуот-штабининг куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни соҳада амалга оширилаётган ишлардан тезкор хабардор қилишга қаратилган.
– Штаб таркибига ёқилғи-энергетика комплекси ташкилотлари матбуот котиблари жалб этилган. Куз-қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин совиши туфайли электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотлари истеъмолига бўлган талабнинг ошиши натижасида мурожаатлар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Шу муносабат билан ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарида амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек, электр энергияси, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмлари, кузатилаётган носозликларнинг сабаблари ва уларни бартараф этиш тўғрисида тезкор ва ишончли маълумот бериш муҳим аҳамиятга эга. Юқоридагиларни инобатга олиб, истеъмолчилар, оммавий ахборот воситалари ва блогерларга якдил хулосага эга маълумотларни тақдим этиш мақсадида Энергетика вазирлиги штаби ўз фаолиятини бошлади. Штаб аъзолари истеъмолчилар мурожаатларига жавоблар, интервьюлар, брифинглар ташкиллаштириш, мавжуд муаммо ва унинг ечимлари тўғрисида тезкор ахборот беришни режалаштирган. Ёқилғи-энергетика соҳасига оид барча қизиқтирган савол ва мурожаатларни press@minenegry.uz электрон манзилига юборишингиз мумкин, – деди Э.Бекмуродова.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги Матбуот-штабининг платформаси – Энергетика вазирлигининг https://minenergy.uz/ веб-сайти, телеграм мессенжеридаги https://t.me/minenergy.uz канали ҳамда тизим ташкилотлариниинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларидир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА