“Коррупция – тараққиётга таҳдид, умрга завол” мавзусидаги лойиҳа билан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантлар танловида ғолиб чиққан Наманган вилоятининг Мингбулоқ тумани ҳокимлигининг нашри – “Мингбулоқ” газетаси таҳририяти белгиланган беш ой мобайнида кўплаб тарғибот тадбирларини амалга оширди.
Жумладан, тумандаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирайлик!” мавзусида ҳокимлик вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбарлари иштирокида ўтказилган анжуман қизғин руҳда кечди.

Тадбир аввалида, туман ҳокими Аҳрорбек Мансуровнинг “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирайлик!” шиори остида депутатлар, фаоллар ва бутун туман аҳолисига мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими билан ҳамкорликда ижодкорлар ўртасида назм ва наср йўналишида танлов эълон қилинган эди. Унда ғолибликни қўлга киритган “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Ҳамидулло Нурматов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Абдуназар Бурҳонов, Халқ таълими аълочиси Комилжон Имомназаров, ҳамда газетхонларга яхши таниш бўлган турли касб эгалари Маҳмуджон Абдусаломов, Жамила Дилхуш, Санобар Юсупова, Дилором Қорабоева, Комилжон Маматов, Наманган давлат университети журналистика факультети талабаси Дилафрўз Қамбаралиева, Дилором Мўминова ва Гулсара Мадғозиева сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш лозим, грантнинг 36 миллион сўм маблағи ҳисобидан 432 нусха газета обунаси расмийлаштирилиб, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг “еттилик” аъзолари, туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, туман ёшлар ишлари бўлими, туман расмий имом ва отинойиларга тарқатилди.

Ўтган давр мобайнида нашр этилган газетанинг барча сонларида коррупция мавзусига кенг ўрин ажратилиб, жами 35 мақола, саккиз саҳифа, уч плакат-саҳифа ёритилди. Битта плакат-саҳифа тайёрланиб, ташкилот ва муассасаларга етказилди. Ташкилот ва муассасаларда “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирайлик!”, “Коррупция – келажакка таҳдид”, “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз муассаса”, “Биз коррупцияга қаршимиз” деб номланган оммавий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Худойбердиев иштирокида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан давра суҳбатида лойиҳа ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилингани ва навбатдаги муҳим аҳамиятга дахлдор вазифалар белгилаб олингани бесамар кетмади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.