Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Матбуот котиблари муҳим шахсга айланиши лозим
17:25 / 2020-06-23

Меҳнат фаолиятим давомида турли таҳририятларда - газета, журнал, телевидение, веб-сайтда ишлаш насиб қилди. Охирги 10-12 йилда эса оммавий ахборот воситалари билан ишлаб келмоқдаман.

Меҳнат фаолиятим давомида турли таҳририятларда - газета, журнал, телевидение, веб-сайтда ишлаш насиб қилди. Охирги 10-12 йилда эса оммавий ахборот воситалари билан ишлаб келмоқдаман.

Тажрибадан келиб чиқиб айтаманки, оммавий ахборот воситасида ишлаш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бу – шаклан яқин, лекин мазмунан турли йўналишдаги фаолиятдир. Бирор бир таҳририятда муваффақиятли ишлаган журналист оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўйича етарли самарага эриша олмаслиги мумкин. Айтмоқчи бўлганим, фаол ва яхши матбуот котиби бўлиш ҳамма журналистга ҳам насиб қилавермайди. Буни шу кунларда айрим ҳамкасбларимиз фаолиятида кўрмоқдамиз.

Охирги йилларда жамиятимизда матбуот котиби деган лавозим тез оммалашаяпти. Авваллари матбуот котибларини кўпчилик танимасди, таниса ҳам, уларни эшитишга жамоатчиликда ҳам, ОАВда вакилларида ҳам мойиллик йўқ эди. Кундалик фаолиятимизда бу салбий тенденция тез ўзгараётганлигини кўрмоқдамиз. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим омил бўлмоқда.

Қарор қабул қилинганидан кейинги ўтган бир йил давомида содир бўлаётган ўзгаришлар кўп ва қувонарли:

  • Ўзбекистонда матбуот котибларининг «армияси» шаклланмоқда;
  • давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларида Ахборот хизмати фаолиятига, ОАВ билан ишлашга муносабат ўзгармоқда;
  • аҳоли давлат идоралари ва ташкилотлар тарқатаётган ахборотни ўқимоқда ва ахборот маконидаги чанқоқлик шу орқали таъминланмоқда;
  • жамоатчилик матбуот котибларини танияпти ва уларга ишона бошлади.

Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил этиш, баҳолаш ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича янгича тизим ҳамда ёндашувлар шаклланмоқда ва ҳоказо.

Авваллари матбуот котиблари ОАВлари ортидан излаб юрарди ва кўпинча ҳамкорлик бир томонлама бўларди. Ҳозирда матбуот котиблари яхши маънода «қидириладиган шахс» бўлиб қолди. Журналистлар, блогерлар билан доимий ҳамкорликка интилиш бор ва энг муҳими, ҳар икки томонда бунга мойиллик бор.

Тўғри, бу борадаги муаммолар ҳам етарли, лекин муҳими, бу муаммоларни бартараф этиш учун доимий ечим изланмоқда ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу борада фаоллик кўрсатмоқда. Матбуот котиблик заҳматини, турли мураккабликларини ўз тажрибасида кўрган бир журналист сифатида мени Агентлик мисолида ахборот сиёсати соҳасини ривожлантиришга жиддий бел боғлаган ва бунга астойдил ҳаракат қилаётган бутун бошли бир жамоанинг борлиги қувонтиради.

Жаҳоннинг илғор давлатларида матбуот котиблари аллақачон VIP (Very important person) шахсларга, яъни жуда муҳим одамларга айланиб улгурган. Жамоатчилик уларнинг баёнотини кутади, уларни излайди ва қадрлайди.

Юртимизда бу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида келгусида матбуот котибларимиз ҳам том маънода жамиятимиздаги муҳим шахсларга айланишига ишонаман.

Ҳамкасбларимни янада фаолликка, дадилликка ва хатолардан чўчимасликка чақирган бўлардим. Матбуот котиби энг зарур пайтда, энг зарур ва рост гапни айтиши лозим. Шундагина у профессионал сифатида обрў қозониши мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб ҳамкасбларимизни, мамлакатимиздаги кўпсонли журналистларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан самимий муборакбод этаман.

Шуҳрат Орипов,
АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Бошқаруви раисининг матбуот котиби –
ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси