Бухоро вилоят прокуратурасида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоят прокурори У. Ҳамдамов вилоят прокуратура органлари томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар, белгиланган устувор йўналишлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Жумладан, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориш, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва уларга қонуний ечим топишга қаратилган ишлар юзасидан ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг, матбуот анжумани очиқ ва жонли мулоқот шаклида давом этди. Тадбир иштирокчилари томонидан жамиятда кенг муҳокама қилинаётган ижтимоий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, тергов ва суриштирув жараёнларининг шаффофлиги, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш механизмлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари юзасидан қатор саволлар ўртага ташланди.
Берилган ҳар бир саволга вилоят прокурори ҳамда тегишли соҳа мутахассислари томонидан амалдаги қонунчилик асосида батафсил, асосли ва тушунарли жавоблар берилди.
Матбуот анжумани давомида журналист ва блогерлар томонидан илгари сурилган таклиф ва мулоҳазалар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни амалиётга жорий этиш, прокуратура органлари фаолиятида очиқликни янада кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ахборот алмашувини тизимли йўлга қўйиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, келгусида ҳам бундай очиқ ва самарали мулоқотлар мунтазам равишда ташкил этилиб, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири