Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Матбуот анжумани: йил сарҳисоби ва галдаги вазифалар
11:46 / 2025-12-26

Бухоро вилоятини 2025 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар тўғрисида жамоатчиликка кенг ахборот бериш мақсадида вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, республика даврий  ва интернет нашрлари, телеканалларининг вилоятдаги мухбирлари, журналист ва блогерлар, жамоатчилик вакиллари, қолаверса, мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, депутатлар иштирок этди.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокими Ботир Зарипов 2025 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар тўғрисида тўхталди. 

– Аввало, барчангизни тобора яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман. Фурсатдан фойдаланиб, Бухорода бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларни фаол ёритиб, жамоатчиликни кенг хабардор қилаётганингиз, Президентимизнинг Бухорони янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлари, ғоя ва ташаббуслари мазмун-моҳиятини тезкорлик ва холислик билан одамларга етказаётганингиз учун миннатдорлик билдираман. Чунки кейинги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарликларида сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилмоқда. Бу эса медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтирмоқда. Хусусан, қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, коммунал тизимдаги камчиликлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муаммолар бўйича бериб борилаётган танқидий ва таҳлилий материаллар жойларда мудраб ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан уйғотиб, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга ундамоқда. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, фаол журналистларимиз, блогерларимиз ўзларининг ўрни, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу борадаги машаққатли, шу билан шарафли ишларингизга омад тилайман, – дейди Ботир Зарипов. 

[gallery-26920]

Шундан сўнг вилоят раҳбари жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шаҳар ва туманларда жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, қурилиш, соғлиқни сақлаш, ёшлар таълими, спорт, инвестиция, сайёҳлик соҳаларида, бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларида амалга оширилган чора-тадбирлар, жойларда ишсизликни бартараф этиш, камбағалликни қисқартиришда амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар хусусида маълумот берди.

Таъкидланганидек, 2025 йилда белгиланган устувор вазифаларни самарали амалга оширишда Президентимизнинг 2024 йил 5 декабрда қабул қилинган қарори, 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони, шунингдек, жорий йилда долзарб масалалар юзасидан ўтказилган йиғилишларда берилган топшириқлар ҳокимлик фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Жорий йилда вилоятда “Ислоҳотлар штаби” ташкил этилиб, “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” доирасида вилоят, шаҳар ва туманлар раҳбарлари иштирокида маҳаллалар кесимида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар тизимли равишда ўрганилди ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилди.

2025 йил якунларига кўра, вилоятнинг барча асосий ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида устувор йўналишлар бўйича барқарор ва сезиларли ўсиш суръатлари таъминланди.

Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 106,6 фоизга оширилиб, 82,6 триллион сўмга, аҳоли жон бошига кўрсаткич эса 39,3 миллион сўмга, 106,1 фоизга етказилди. Жорий йилда 48,2 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 107,5 фоизга эришилди, аҳоли жон бошига саноат маҳсулотларни ишлаб чиқариш кўрсаткичи эса 23,1 миллион сўмни ташкил этди.

Вилоятда “Ғиждувон тажрибаси” асосида 133 та саноат лойиҳаси натижасида 2758 нафар аҳолига барқарор иш ўринлари яратилди ва бандлиги таъминланди. Қоракўл туманидаги “Uniteks” МЧЖ томонидан 3,0 миллиард сўм қийматда тикув-тўқимачилик корхонаси ташкил этилди, натижада 150 нафар фуқаролар учун барқарор иш ўринлари яратилди.

Жорий йилда хизматлар соҳасида 4,2 минг дан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилди ва натижада 4,9 минг нафар фуқаролар учун барқарор иш ўринлари яратилди. 

Шаҳар ва туманлар марказларида жами 28 км узунликда 8 та 24/7 кўчалар ташкил этилди, натижада 350 та янги савдо ва сервис объектлари иш бошлади. Бухоро шаҳридаги Мустақиллик кўчаси замонавий 24/7 режимида фаолият юритадиган кўчага айлантирилди. Шунингдек, 60 дан ортиқ хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилиб, 140 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда Жондор, Вобкент, Қоракўл, Ғиждувон, Олот, Ромитан ва Бухоро туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида сув бўйларида соҳил бўйи хизмат кўрсатиш лойиҳалари зарур инфратузилма билан тўлиқ таъминланди.

Ромитан туман марказидан ўтган Хайработ канали бўйида замонавий соҳил бўйи дам олиш маскани ташкил этилди. Натижада, 30 дан ортиқ хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилиб, 100 га яқин янги иш ўринлари яратилди ва аҳоли учун қулайликлар яратилди. 

Жорий йилда маҳаллий бюджетнинг харажатлари 6 378 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан, ижтимоий харажатлар 3 760 миллиард сўм (жами бюджет харажатларининг 59 фоизи) йўналтирилди. Бундан ташқари, давлат дастурлари доирасида 2025 йил бюджет параметрларига асосан жами 630,5 миллиард сўм, жумладан, Ташаббусли бюджет лойиҳаларига 406,0 миллиард сўм, аҳолига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарларни қоплаш учун субсидиялар 51,9 миллиард сўм, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 37,4 миллиард сўм, Ички йўлларни сақлаш учун зарур бўладиган махсус йўл техникаларини харид қилиш учун 35,1 миллиард сўм, ички йўлларни таъмирлаш харажатларига 52,0 миллиард сўм, “Маҳалла бюджети” жамғармасига 29,4 миллиард сўм ва бошқа мақсадли тадбирлар молиялаштирилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ишсизлик даражаси 2024 йилги 5,4 фоиздан, 2025 йилда 3,0 фоизга, камбағаллик даражаси эса 8,7 фоиздан 3,0 фоизга камайди.

Президентимиз томонларидан яратиб берилган шарт-шароитлар ва берилган имкониятлар ҳисобига, тадбиркорлик субъектлари сони 34,3 мингтага етиб, 2024 йил(24,8 мингта)га нисбатан 9,5 мингтага кўпайди.

2025 йилда 9,5 мингта янги тадбиркорлик субъектлари, 4,5 мингта кичик бизнес субъектлари, 5 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Кичик бизнес субъектларининг вилоят иқтисодиётидаги улуши 72,2 фоизга етди. Уларнинг саноатдаги улуши – 43,0 фоизни, хизмат кўрсатишда – 68,8 фоизни, қурилишда – 86,9, фоизни, қишлоқ хўжалигида – 98,7 фоизни ташкил этмоқда.

Матбуот анжуманида иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга вилоят ҳокими ҳамда мутасаддилардан батафсил жавоб олди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.