Мамлакатимизда сўнгги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Конституциявий ислоҳотлар, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришларнинг ягона мақсади фуқаронинг оғирини енгил қилишдир.
Шу жиҳатдан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг миллий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва уларнинг дахлсизлигини таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
2024 йил 5 августда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлиги инсон қадрига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасида 2025 йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар ва келгуси режаларга бағишланган матбуот анжуман бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этди. Унда соҳа масъуллари томонидан ер ва кадастр назорати, аҳолига кўрсатилган кадастр хизматлари, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берилади.
Бугунги кунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик, умуман, мамлакатимизда ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда давлат назоратини амалга оширишда Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Э-ер назорат” автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланилмоқда.

Шунингдек, ер назоратчи инспекторлари махсус планшетлар билан таъминланиб, бунда дронлардан ҳам фойдаланиш йўлга қўйилган ва аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатлари манзилнинг ўзида электрон расмийлаштирилмоқда.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан 2025 йилда ўтказилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 3 927 та ҳолатда 61,3 гектар ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган.
Ерга оид энг кўп ҳуқуқбузарликлар пойтахтимизнинг Юнусобод туманида 417 та ҳолатда 9,6 гектар, Сергели туманида 455 та ҳолатда 9,1 гектар, Мирзо Улуғбек туманида 392 та ҳолатда 5 гектар ҳамда Миробод туманида 375 та ҳолатда 1,5 гектарни ташкил этади. Шу билан бирга, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик, у ерга ноқонуний қурилмани амалга оширганлик учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.

2025 йилда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туман филиаллари “Сифат менежменти” ва “Коррупцияга қарши бошқарув тизимлари” халқаро сертификатларини қўлга киритди.
Ҳозир интеграциялашган бошқарув тизими жорий қилиниб, халқаро сертификатнинг қўлга киритилганлиги пойтахт кадастр тизимида халқаро стандартлар асосида фаолият юритиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Кадастр хизматларини кўрсатишда қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳада коррупция иллатига қарши муросасиз бўлиш, бу йўлда ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида бошқарма бошлиғининг пойтахтимиз аҳолиси ҳамда соҳа вакилларига мурожаати эълон қилинди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ходимлар иштирокида 70 дан зиёд давра суҳбати ва семинарлар ташкил қилинди. Ахборот сиёсати ҳамда очиқликни таъминлаш, ер ва кадастрга оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 2 та матбуот анжумани, 11 та брифинг, бошқарма ва туман масъул ходимлари иштирокида оммавий ахборот воситалари орқали 200 га яқин чиқишлар ташкил қилинди.
Бугунги кунда кадастр соҳасидаги барча хизматлар Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари (my.gov.uz) портали орқали қулай ва очиқ тарзда кўрсатилади. Шу боис фуқароларнинг кадастр идораларига бевосита бориши талаб этилмайди.
Асрор Сулаймонов, ЎзА