English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Матбуот анжумани қабул жараёнларига бағишланди
18:02 / 2025-10-04

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2025-2026 ўқув йили учун қабул жараёнининг якунлари, янги ўқув йилида таълим жараёнида шаффофликни таъминлаш ва келгусидаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида дастлаб университет ректори вазифасини бажарувчи. О. Дуйсенбаев 2025-2026 ўқув йилига қабул жараёни, абитуриентлар сони ва уларнинг ижтимоий таркиби, таълим йўналишлари бўйича қамров ҳамда қабул жараёнида шаффофлик ва адолатни таъминлаш учун кўрилган чоралар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, у таълим тизимини янада такомиллаштириш, талабалар учун яратилаётган шароитларни кенгайтириш ва коррупцион омилларнинг олдини олиш университет жамоасининг асосий вазифаси эканлигини таъкидлади.

[gallery-25606]

Шундан сўнг, қабул комиссияси масъул котиби И. Алламбергенов сўзга чиқиб, абитуриентларнинг тест синовлари ва суҳбат жараёнлари очиқ ва адолатли ўтказилганини, барча натижалар онлайн тизим орқали кузатиб борилганини таъкидлади. У шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож абитуриентлар учун ажратилган имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот берди.

Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор С. Алауатдинов талабалар билан ишлаш тизими, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва келажакдаги режаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бўлими бошлиғи К. Утениязов университетда шаффофликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган профилактик тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Матбуот анжумани савол-жавоб тарзида давом этди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари қабул жараёнининг якунлари, янги ўқув йилидаги янгиликлар юзасидан ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича батафсил жавоб олишди.  

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА