Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2025-2026 ўқув йили учун абитуриентларни қабул қилиш жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда университет раҳбарияти, қабул комиссияси мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда университет ректори, академик А.Реймов, ўқув ишлари бўйича проректор О.Дуйсенбаев, қабул комиссияси масъул котиби И.Алламбергенов, жамоатчилик билан ишлаш (Call-center) гуруҳи раҳбари И.Жуманиязовлар сўзга чиқишиб, янги ўқув йилига тайёргарлик, таълим сифатини ошириш борасидаги чора-тадбирлар, шунингдек, абитуриентлар учун яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтишди. Қабул жараёнида бир қатор муҳим янгиликлар жорий этилаётганини ҳам таъкидлашди.

Анжуманда олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни, алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига қабул учун касбий (ижодий) имтиҳонларни ташкил этиш бўйича юқори даражада тайёргарлик ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари қабул жараёнидаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Шунингдек, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири