Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Матбуот анжумани бўлиб ўтди
12:02 / 2025-12-30

Жиззах вилоятида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва замонавий инфратузилмани шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом этмоқда.

Шу муносабат билан Жиззах вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси давлат муассасаси томонидан жорий йилда бажарилган ишлар ҳамда Президентимиз томонидан 2026 йил — Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб эълон қилинган давр учун белгиланган вазифалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Жўраев ҳамда “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДМ директори Достонбек Қоплонов соҳада амалга оширилаётган ишлар самараси ва истиқболдаги режалар ҳақида атрофлича маълумот беришди.

Қайд этилганидек, 2025 йил давомида вилоят ҳудудида ижтимоий инфратузилмани мустаҳкамлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш ҳамда аҳоли эҳтиёжларига жавоб берадиган муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли қурилиш-монтаж ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда аҳоли манфаатлари, ҳудудларнинг архитектура қиёфаси ва барқарор ривожланиш тамойилларига алоҳида эътибор қаратилди.

[gallery-26953]

– Қурилиш ва реконструкция ишлари алоҳида объектларни барпо этиш билан чекланиб қолмаяпти, балки маҳаллаларни ҳар томонлама обод қилиш, муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш орқали аҳоли учун қулай ҳаёт муҳитини яратишни кўзда тутади, – деди Шуҳрат Жўраев.

Маълумотларга кўра, жорий йилда жами 235 та объектда қурилиш ишлари олиб борилди. Уларнинг катта қисми белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилган бўлиб, қолган объектлар бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Умумий шартнома қиймати 649 миллиард 854 миллион сўмдан ортиқ маблағни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳажми ва қамрови йил сайин кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, давлат дастурлари билан бир қаторда маҳаллий бюджет ва қўшимча манбалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар маҳаллаларни обод қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, ушбу манбалар ҳисобидан жорий йилда 231 миллиард 866 миллион 700 минг сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу сармоялар коммунал хизматлар сифатини ошириш, муҳандислик тармоқларини янгилаш ва аҳолининг кундалик эҳтиёжларини таъминлашга хизмат қилди.

Матбуот анжуманида Президентимиз томонидан 2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб белгилангани алоҳида таъкидланди. Мазкур йилга мўлжалланган режалар маҳаллаларда инфратузилмани янада ривожлантириш, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шу асосда 2026 йилда Жиззах вилоятида 100 та объект бўйича 508 миллиард 478 миллион 200 минг сўмга яқин маблағни ўзлаштириш режалаштирилган. Устувор йўналишлар сифатида инвестиция лойиҳалари, ҳудудларни жадал ривожлантириш дастурлари ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган янги ташаббуслар белгиланган.

– Келгуси йилдаги ишлар маҳалла даражасида аниқ натижа бериши, аҳоли ҳаётида ижобий ўзгаришлар яратиши лозим, – деди Достонбек Қоплонов. – Шу мақсадда барча лойиҳалар сифат ва самарадорлик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Анжуман якунида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси жамоаси белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қурилиш ишларида очиқлик ва тизимли ёндашувни сақлаган ҳолда, Жиззах вилоятини барқарор ривожланаётган ҳудудга айлантириш йўлида ўз фаолиятини изчил давом эттириши таъкидланди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари