Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи фуқаро Собиржон Собиров Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига мурожаат қилди. Мурожаатда пойтахтимиздаги “Фарҳод” деҳқон бозори ҳудудида масжид кўринишидаги мажмуа мавжуд бўлиб, унда азон айтиладиган минора ва бошқа гумбазлар борлиги, тепасида ҳилол рамзи экс эттирилгани, бироқ бу рамз қийшайиб кетгани, мажмуа эса омборхонага айлантирилгани ва бунинг сабабини аниқлаштиришни сўраган.
ЎзА мухбирлари мурожаат бўйича манзилга бориб вазиятни ўрганди. Ҳақиқатан ҳам бино шарқона услубда қурилган бўлиб, бир қарашда масжид биносига ўхшайди. Азон айтишга мўлжалланган минора, кўпчилик ибодат қилиши мумкин бўлган катта зал ва таҳоратхона шундан далолат бериб турибди.
Суриштирув давомида бино бир пайтлар масжидга мўлжаллаб қурилгани, лекин масжид сифатида фаолият юритмагани маълум бўлди. Мажмуа ҳозирги пайтда тадбиркорлик субъектига тегишли хусусий мулк ҳисобланади.
Бозор маъмуриятидаги масъуллар билан суҳбатлашганимизда, улар бино тадбиркорга тегишли хусусий мулк эканини, бу хусусда бирор нарса дея олмасликларини маълум қилди. [gallery-11878]
Бино эгасини топа олмаганимиз сабабли бозорда савдо қилаётган якка тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Улардан бири Моҳинур опа бу гўзал бинони масжид сифатида қуришганию, негадир ишламаганини айтди.
Ҳақиқатан, бу ғиштин бино ҳозирги пайтда оддий омборхона вазифасини ўтаётгани унинг аҳволини аянчли қилиб кўрсатмоқда.
Албатта, бир масжид фаолияти йўлга қўйилишининг ўзига яраша қонуний талаблари бор. Шу боис бу бино нега масжид сифатида фаолият юритмаяпти, деган саволга Адлия вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари жавоб беради, деган умиддамиз.
Яна бошқа фикр ҳам бор. Биламизки, “Фарҳод” деҳқон бозори пойтахтимиздаги энг гавжум бозорлардан. Бу ерда минглаб тадбиркорлар савдо қилади. Ҳар куни минг-минглаб харидорлар бозорга келади. Бу чиройли бино шу одамларга маданий, маънавий хизмат кўрсатувчи мажмуага айлантирилсачи? Кутубхона, китоб дўкони ташкил этилса бўлмасмикин? Бир финжон қаҳва устида тадбиркорлар, харидорлар мулоқот қиладиган шинам қаҳвахона бўлса ҳам ёмон бўлмас эди.
Бундай фаолият турлари ҳам бино эгаси бўлган тадбиркорга ўзига яраша фойда келтиради. Шу баҳона бино обод бўлган, бундан барчанинг баҳри дили очилган бўлар эди.
Норгул Абдураимова, Даврон Эрназаров, (сурат), ЎзА