Масжид ҳудудида дарахтлар ноқонуний кесиб ташланган
Табиат ресурслари вазирлиги Бухоро вилояти бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Бухоро шаҳридаги “Пиридастгир” жоме масжиди ҳудудида таҳоратхона қурилиши ишлари олиб борилаётгани туфайли дарахтлар ноқонуний кесиб ташланган.
Бунда қурилиш остига тушган ер майдонидан 8 дона мевали ҳамда 1 дона манзарали дарахтлар ўзбошимчалик билан кесилгани аниқланган. Оқибатда табиатга етказилган зарар 8,5 миллион сўм ҳисобланган.
Ушбу ҳолат юзасидан масжиднинг масъул ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, 1 миллион 650 минг сўм жарима солинган.
Шунингдек, кесилган дарахтлар ўрнига иқлим шароитига мос манзарали дарахт кўчатларини экиш ва парвариш қилиш бўйича масжид Бош имомига мажбурият юкланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА