Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Чимён” маҳалласида шаҳар кенгаши депутати Наима Жаббарова билан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Қабулда йигирма нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаати эшитилди. Кимдир соғлиги, кимдир пенсия ва нафақа таъминоти бўйича мурожаат қилди. Коммунал хизматлардан норозилик билдирганлар ҳам бўлди.
Айрим масалалар жойида ҳал қилиниб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва йўл-йўриқ кўрсатилди. Қабулда тўртта масала бўйича депутатлик сўрови чиқариш белгилаб олинди.
Жумладан, 83 ёшли онахон иш стажи “архивда йўқ”, деган важ билан нотўғри ҳисоб-китоб қилгани учун арзимаган миқдорда пенсия олаётганидан шикоят қилди. Бу бўйича туман пенсия жамғармасига сўров чиқариб, фуқаролик судига даъво аризаси киритилади ва шу орқали онахоннинг пенсияси қайтадан ҳисоб-китоб қилинади.
Шунингдек, аҳоли 209-сонли мактабда пандемия сабаб тўхтаб қолган ёзги оромгоҳни қайта ташкил қилиш бўйича мурожаат қилди. Бу бўйича туман халқ таълими бўлими бошлиғига сўров чиқарилади.
Маҳаллага янги трансформатор ўрнатилган эди. Лекин унинг атрофи ҳануз тўсилмаган. Камига трансформатор ўрнатиш чоғида ўйиб ташланган асфальт шу ҳолича ташлаб кетилган. Бу масалада туман электр таъминоти раҳбарига сўров жўнатилади.
Яна бир фуқаро ногиронлик аравачасига муҳтож. Бу масалада ижтимоий таъминот бўлимини безовта қилишга тўғри келади.
- Албатта сўров чиқариш билан иш битмайди. Унинг ижросини назорат қилиб, бажарилмагунича масъулларнинг ҳоли-жонига қўймаймиз. Чунки ҳамон бугунги масъулиятни ҳис қилмай, “тепса-тебранмас”лар бор орамизда, - дейди депутат Жаҳонгир Зияев.
ЎзА