Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси масъул ходимлари Сирдарё ишлаб чиқариш-энергетика станциясида бўлиб, корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
ИЭС мамлакатимиз энергетика тизимининг энг йирик корхоналаридан бири ҳисобланиб, юртимизни барқарор электр энергияси билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис мазкур ташрифда, аввало, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Масъуллар электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнларида белгиланган қоида ва талабларга қатъий амал қилиш, ходимлар учун яратилган муҳофаза чоралари доимий равишда такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидладилар.

Ўрганиш жараёнида қўмита ходимлари корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар, янги технологияларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар билан ҳам танишдилар.

Бу каби ташаббуслар мамлакатимизда энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва энергетика хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Масъуллар Сирдарё ИЭСда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва истиқболли режаларни юқори баҳолаб, корхона тажрибаси тармоқдаги бошқа саноат объектлари учун намуна бўлиши мумкинлигини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА