Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасининг тренинглари бошланди
14:50 / 2025-07-14

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан олимлар, экспертларни жалб этган ҳолда хорижий тажрибалар ҳамда ўзбекона қадриятлар ва миллий ҳамда умуминсоний мезонларга асосланиб ишлаб чиқилган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасининг дастлабки тренинг машғулотлари Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида бўлиб ўтди.

Дастлабки босқич тренерлар тайёрлашга қаратилган ўқув-семинарда 100 нафар масъуллар, фаоллар ўқитилиб, тренерлар жамоаси тайёрланди.  

Улар институт томонидан тайёрланган услубий тарқатма материаллар ва тренинг модуллари билан таъминланди.  

Ўқув-семинарнинг  асосий мақсади – оила аъзоларига, айниқса,  ёш оилаларга масъулиятли ота-оналик мезонларини ўргатиш орқали соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, оилавий муносабатларни барқарорлаштириш ҳамда миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор оилаларни шакллантириш бўйича илмий, услубий ва амалий ёндашувларни татбиқ этишга қаратилган.  

Олиб борилган таҳлиллар  ёшларни оилага тайёрлаш, ота-оналик кўникмалари ва таълим дастурларига эҳтиёж юқори эканлиги, оилалардаги низоларни барвақт аниқлаш ва уни ҳал этишда асоссиз ёки арзимас сабаблар билан оилаларнинг бузилиб кетишини олдини олишда профессионал ёндашувларнинг, хусусан психологик, ҳуқуқий, тиббий билимларнинг етишмаслигини кўрсатмоқда.  

Масъулиятли ота-оналик лойиҳаси эса бу борада ёш оилаларга амалий кўникмаларни беради.  

Шунингдек, келгусида  “Масъулиятли ота-оналик” веб-сайти ва мобиль иловаси яратилиб, веб-сайтга видеодарслар, ўқув-услубий мажмуа, услубий қўлланмалар ҳамда ижтимоий видеороликлар жойлаштирилади.  

Мазкур ўқув-семинарлар тасдиқланган жадвал асосида республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиши режалаштирилган.  

Н.Усмонова, ЎзА