Аждодларимиз азал-азалдан оилани муқаддас қўрғон, жамиятнинг бир бўлаги, асосий таянчи ва пойдевори сифатида улуғлаган. Хотин-қизларни миллат гултожига, оилалар фариштасига менгзаган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда ана шундай юксак фазилатларимиз қайта бўй кўрсатиб, оила институтини ҳар тарафлама мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ўрни ва фаоллигини янада ошириш мамлакатимизда белгилаб олинган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам жамиятимиз гултожларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бунга яққол далилдир. Бу йўналишдаги давлат сиёсатини жаҳон ҳамжамияти алоҳида эътироф этаётгани соҳага оид халқчил ислоҳотлар ва уларнинг амалдаги натижалари самарасидир. ъ

Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган амалий чора-тадбирлар режасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириб, гендер тенгликни таъминлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Жумладан, чора-тадбирлар режасининг 43-бандида таълим муассасалари, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини амалга ошириш ғояси илгари сурилган.

Сурхондарё вилоятида лойиҳани амалга ошириш учун вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари ҳамкор ташкилотлар билан муайян ишларни олиб бормоқда. “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси мезонлари асосида таълим муассасалари, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини жорий этишнинг аниқ вазифалари белгиланиб, семинар-тренинг машғулотлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилаётир.
– Бу тадбирларда ҳамкор ташкилотларнинг айнан шу йўналишда фаолият юритадиган вакиллари, туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими масъул ходимлари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари фаол иштирок этмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З. Хидирова. – Лойиҳа доирасида дастлаб ташкил этган семинар-тренинг машғулотларида оила ва гендер илмий-тадқиқот институти мутасадди ходимлари иштирокчиларга оила институти ва хотин-қизлар билан боғлиқ масалалар таҳлили асосида ўтказиладиган тарғибот тадбирлари учун 86 нафар кишидан иборат тренерлар жамоасини тайёрлаб, билим ва кўникмаларини оширди. Уларга таълим муассасаларида, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида лойиҳа доирасида ёш оилаларга масъулиятли ота-оналик мезонларини ўргатиш, оилавий муносабатларни барқарорлаштириш, миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор оилаларни шакллантириш бўйича илмий, услубий ҳамда амалий ёндашувларни татбиқ этиш вазифалари топширилди.
Маълумотларга кўра, йилнинг ўтган даврида малакали маҳаллий тренерлар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш йўналишида ўтказилган 810 та тадбирда 8028 нафар иштирокчига, мактабгача таълим ва таълим муассасаларида 1 минг 291 тадбирда 13 минг 211 қатнашчига, меҳнат жамоаларида 1 минг 304 тадбирда 15 минг 696 нафар, маҳаллаларда 3 минг 467 тадбирда 49 минг 371 нафар иштирокчига мавзу юзасидан сабоқ берилди.
Махсус дастур асосида ҳудудларда ўтказилаётган машғулотларда тренерлар учун ишлаб чиқилган ўқув-методик қўлланмалар асосида мавзуларга оид қизиқарли маърузалар ўқилмоқда. Фойдали тақдимотлар ташкил этилиб, кўргазмали тарғибот воситалари, буклет ва флаерлар тарқатилаётир. Видеороликлар намойиш этилмоқда.

Ангор туманида етти нафар малакали тренер таълим муассасалари, маҳалла ва меҳнат жамоаларида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини жорий этишда фаол иштирок этмоқда. Улар таълим муассасалари, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ёш оилаларга масъулиятли ота-оналик мезонларини ўргатиб, оилавий муносабатларни барқарорлаштириш, миллий қадриятларга асосланган фаровон ва тинч-тотув оилаларни шакллантириш юзасидан илмий, услубий ва амалий ёндашувларни жорий этмоқда.
Туманда шу пайтгача 301 та тадбир ташкил этилиб, уларда тўрт мингдан ортиқ иштирокчи қамраб олинди. Хусусан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш йўналишида ўтказилган 69 тадбирда 624 нафар, мактабгача таълим ва таълим муассасаларида 89 тадбирда 883 нафар, меҳнат жамоаларида 39 та тадбирда 485 ёш оила вакиллари иштирок этди.
Вилоятнинг Денов туманида ҳам “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини кенг жорий этишга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда.
– Лойиҳа миллий қадриятларимизга асосланган тинч, аҳил ва фаровон оилаларни шакллантириш, ёшларнинг оилавий муносабатларини барқарорлаштириш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Денов тумани оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Лутфуллаева. – Жумладан, йилнинг ўтган даврида етти нафар маҳаллий тренер 345 та тадбир ташкил этиб, қарийб беш минг иштирокчига шу йўналишда машғулот ўтказди. Уларнинг 37 таси ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мавзуида бўлиб, 360 дан ортиқ йигит-қиз қатнашди. Мактабгача таълим ва таълим муассасаларидаги тадбирларга 962 нафар, меҳнат жамоаларида 700 дан зиёд, маҳаллаларда беш мингга яқин иштирокчи қамраб олинди.
Вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда семинар-тренинг машғулотлари ва бошқа тадбирлар давом этмоқда. Зеро, оила мустаҳкам, тинч бўлса, жамият осойишта, фаровон бўлади. Жамиятнинг осуда, тўкин ва барқарорлиги Янги Ўзбекистонни тараққиёт йўлида юксалишга етаклайди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА