АОКАда Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти соҳа олимлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳанинг асосий мақсади ёш оилаларга масъулиятли ота-оналик мезонларини ўргатиш орқали соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш тизимини такомиллаштиришдан иборат.
Лойиҳа доирасида масъулиятли ота-оналик мезонлари ишлаб чиқилди. Ота-оналарга мўлжалланган “Ота-оналикка тайёргарлик”, “Ота-онанинг репродуктив саломатлиги”, “Ота-онанинг педагогик-психологик малакалари”, “Ота-онанинг иқтисодий билимдонлиги” ва “Оиланинг маънавий-ахлоқий муҳити” номли услубий қўлланмалар тайёрланди. Ота-оналарни масъулиятли ота-оналикка ўргатиш бўйича “Масъулиятли ота-оналик” номли ўқув қўлланма нашр қилинди ва бугунги кунда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш бўлимлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масканларига етказиш чоралари кўрилмоқда.
“Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси 3 босқичда амалга оширилади.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтида тренерларни тайёрлашга қаратилган 2 кунлик ўқишлар ташкил этилади. Тренерлар институт томонидан тайёрланган тарқатма материаллар ва тренинг модуллари билан таъминланади. Масъулиятли ота-оналик мезонлари бўйича 8 та видеодарс тасвирга олиниб, масъулиятли ота-оналикни позитив ва муаммони ивент ёндашув асосида очиб берувчи подкаст, аудио ва видео рилз ҳамда ижтимоий роликлар тайёрланмоқда.
Оилаларга қулайлик яратиш мақсадида институт томонидан “Масъулиятли ота-оналик” веб-сайти ва мобиль иловаси яратилади. Веб-сайтга видеодарслар, ўқув-услубий мажмуа, услубий қўлланмалар ҳамда ижтимоий видеоролик жойлаштирилади. Электрон платформа орқали “Масъулиятли ота-оналик” курсини муваффақиятли тамомлаган оилаларга Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтининг ижтимоий сертификатини бериш тизими жорий қилинади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА