French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Масъулиятли мавсум бошланди
15:09 / 2025-09-08

Олтин кузнинг ўтаётган ҳар бир дақиқасини ғанимат билган Тошкент вилояти деҳқонлари мавсум сарҳисобига киришмоқда. Далаларда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб олиш галдаги муҳим вазифалардан бири. Бунинг учун жойларда пухта тайёргарлик кўрилган.

Бекобод ҳамда Бўка туманларида жорий йилги пахта ҳосилини тез ва уюшқоқлик билан йиғиб олишга бағишланган семинар ташкил этилди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги қишлоқ хўжалиги мутасаддилари, ҳудудлар масъуллари, кластер ва фермерлар иштирок этди. Суҳбат давомида етиштирилган ҳосилни нобуд қилмасдан, ўз вақтида ва сифатли териб олиш бўйича тавсиялар берилди. 

Вилоят раҳбари ҳар бир теримчининг меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларга миннатдорлик билдирди. Семинар давомида теримчилар учун муносиб иш шароитлари ва сифатли озиқ-овқат таъминоти бўйича ҳам тавсиялар берилди. Шундан сўнг, дала бошида жонлиқ сўйилиб, хайрли дуолар қилинди. 

Машина теримининг афзалликларини тажрибали фермерлар яхши билади. Уларнинг айтишича, агар терим машинаси сифатли ишласа, биринчи навбатда иш суръати ошади. Қўл теримига эҳтиёж камаяди. Фермер молиявий жиҳатдан тежамкорликка эришади. Агар, ҳосил мўл бўлса, фермерлар биринчи теримдаёқ режанинг 80-90 фоизини бажаради. 

Маълумотларга кўра, Бекобод туманида 7 минг 310 гектар майдонга пахта экилган. Теримга 69 та отряд, 19 та пахта терувчи комбайн ва 250 тиркама жалб этилган. Режага кўра, 30 минг 890 тоннадан ортиқ пахта ҳосили йиғиб олиниши режалаштирилган. 

Ўз навбатида Бўка тумани бўйича эса 258 та фермер хўжалиги ва 1 та (“ГТГ Агро” МЧЖ) пахтачилик кластери томонидан жами 8141 гектар майдонда пахта етиштирилган. Ушбу майдонлардан жами 34 500 тонна ҳосил йиғиб олиш режалаштирилган. 

А.Мусаев, ЎзА.