Парламент қуйи палатаси мажлисида масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа юзасидан Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров батафсил маълумот берди:
— Мамлакатамизда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар жараёни амалдаги “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонунни янада такомиллаштириш ва бу борада замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этишни тақозо этмоқда. Хусусан, амалдаги қонунчиликда жамият иштирокчиларининг корпоратив шартномалар тузиш ҳуқуқи, жамиятнинг филиали ва ваколатхоналарини очиш тартиби, жамият иштирокчиларининг ўртасидаги низоли вазиятни ҳал этишнинг муқобил усуллари медиация ёки ҳакамлик суди тартибида ҳал этиш масалалари етарлича белгиланмаган.

Шунингдек, жамият кузатув кенгашининг аъзоларини сайлаш ва кузатув кенгаши қарорларини қабул қилиш ҳамда жамиятни бошқарувчи ижро органлари мажбуриятларига доир айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ва ноаниқликлар мавжуд. Шулардан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳасида жамият нафақат лицензия, балки бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар ва хабардор қилиш тартибида фаолият турлари билан шуғулланиши мумкинлиги, шунингдек, жамиятларнинг филиал ва ваколатхоналарини очиш тартиблари белгиланмоқда.
Жамият бошқарувида миноритар иштирокчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳамда жамият мажоритар иштирокчиларга оид янги ҳуқуқий нормалар белгиланмоқда. Шу билан бирга, жамиятнинг афилланган шахслари, улар билан битимлар тузиш, ушбу битимлар бўйича низоларни ҳал этиш ҳамда жамият кузатув кенгаши аъзолари ва жамият бошқаруви органларининг фудициар жавобгарлигига оид янги ҳуқуқий нормалар акс этмоқда.

Лойиҳада жамият кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилиш тартиби ҳамда жамият бошқарув органларининг ва кузатув кенгаши мажбуриятларига доир янги нормалар билан тўлдирилиши жамиятни бошқариш тизимини янада такомиллаштирилишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида нормалар янада аниқлаштирилди, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилди. Ривожланган давлатлар, хусусан, Германия, Россия, Франция, Польша, шу билан бирга, қўшни давлатлар тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, фракциялар томонидан берилган таклифлар инобатга олиниб, моддаларда акс эттирилди, — деди Шарофиддин Назаров.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамият иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Лойиҳа иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА