Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Масъулият ортидаги машинист ҳаёти
15:22 / 2025-09-19

Орамизда шундай инсонлар борки, танлаган касбига нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Марказий кон бошқармасининг 2-Гидрометаллургия заводи Қуюлтириш цехи насос қурилмалари машинисти Шахриёр Суюнов ҳам касбига бўлган садоқати, фидоийлиги  туфайли жамоаси орасида ҳурмат-эътибор топди ва ўз касби йўналишида кўплаб шогирдлар етиштирди.

Самарқанднинг Ургут туманида туғилиб ўсган Шахриёр ака армия хизматини ўтаб қайтгандан сўнг, ўз меҳнат фаолиятини Марказий кон бошқармасининг 2-Гидрометаллургия заводида бошлаган. Меҳнатда тобланган, узоқ йиллар давомида тажриба тўплаган қаҳрамонимизнинг меҳнат дафтарчасида биргина касб – Қуюлтириш цехи насос қурилмалари машинисти касби ёзилган. Мана 33 йилдирки, заводда самарали меҳнат қилиш баробарида ўнлаб ёшларга устозлик қилиб келаётган Ш.Суюнов ёшларга  меҳнат ортидан топилган эҳтиром баҳосиз эканлигини таъкидлашдан чарчамайди.

 Дунёга донг таратган 999,9 пробали соф олтинни ишлаб чиқарувчи, бир неча юзлаб техника ва технологияларнинг тинимсиз ҳаракати, минглаб ишчиларнинг уйига айланиб улгурган гигант корхонада, унинг ҳар бир цехида ишлаш инсондан билим, фидойилик, шу билан бирга эҳтиёткорлик, кўникма ва тажриба талаб этади. Заводнинг Қуюлтириш цехи олтинни ажратиб олишда муҳим саналган босқичлардан бирини бажаради. Ш.Суюнов мазкур цехда смена асосида фаолият олиб боради. Юқори қувватли насос қурилмаларига хизмат кўрсатиш ишлари ўта машаққатли ва катта масъулиятли бўлсада,  Шахриёр акага ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди. Боиси, корхонадаги соғлом муҳит, жамоанинг аҳиллиги, қолаверса, оиласининг тинчлиги ҳам корхонада узоқ йил меҳнат қилишига замин яратди, имкон берди, десак хато қилмаган бўламиз. 

– Ҳаёт бу ҳаракат. Зиммамиздаги топшириқлар ҳеч қачон якунига етмайди. Асосийси уни сифатли бажаришда. Албатта, кунлик ёки ойлик режаларни бажарилиши бутун завод меҳнаткашларининг ютуғи деб ҳисоблайман. Қачонки, инсон қилаётган ишидан мамнун бўлса, ўз ишини сидқидилдан бажаради, – дейди биз билан суҳбатда қаҳрамонимиз. – Мен Қуюлтириш цехида турли тизимдаги насослар ва насос қувурлари билан жиҳозланган сув, бўтана ва бошқа қовушқоқ бўлмаган суюқликларни умумий узатиши 10000м3/соатдан юқори бўлган юқори қувватли насос қурилмаларига хизмат кўрсатаман. Шу билан бирга майдаланмаган шағал тошларни ажратиб берувчи барабанли ғалвирларни узлуксиз ишлашини назорат қиламан. Ҳар доимги сменамни  двигатель, барабанли ғалвирлар ва насосларни  қўшиш, иш тартибини ростлаш ва тўхтатишдан бошлайман. Бу инсондан ўта ҳушёрликни ва масъулиятни талаб этади. Тартиб бор жойда тараққиёт бўлади. Заводимизда ҳар бир касб эгаси ўз вазифасини мукаммал эгаллаши талаб этилгани боис ҳам олдимизга қўйилган мақсадларга эришиб бормоқдамиз.

Шахриёр Суюновдан касб сирларини ўрганган ёш мутахассислар устози билан елкама-елка турли лавозимларда фаолият олиб бормоқда. 

Ҳар биримиз қайси бир соҳада меҳнат қилмайлик, ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган инсонларнинг ёрдами билан касбимизда камол топамиз. Заводимизнинг кўп минг кишилик меҳнат жамоаси режага киритилган вазифаларни тўлақонли ва ўз вақтида бажараётганлиги ҳам Шахриёр Суюнов каби устозлар хизматининг самарасидир, – дейди Қуюлтириш цехи механиги Нурмурод Зоиров. – Марказий кон бошқармаси тизимида устоз-шогирд анъаналарининг давом этиб келаётганлиги ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Биз ҳам  устозларга эргашиб, уларнинг фаолиятидан ибрат олиб, ўз ишининг устаси бўлишга интилмоқдамиз.  Шахриёр ака ишда ўзига ва шогирдларига нисбатан ўта талабчан. Биз ёшларга касбий маҳоратини ошириб бориш кераклигини мунтазам таъкидлаб келади. 

Комбинатда  ҳалол меҳнат қилган, ўз ишининг етук мутахассиси, малакали ва моҳир завод ишчиси сифатида ҳурмат-эътибор топган мақоламиз қаҳрамони Ш.Суюнов ҳам раҳбарият томонидан бир неча маротаба фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномаларга сазовор бўлган. 

Оила инсон бахт-саодатини таъминловчи қўрғондир. Шахриёр ака ва Муқаддас опа Қиличеванинг бахт қўрғонида тўрт ўғил Шохруз, Диёрбек, Элёрбек ва Сардорбек камолга етди. Ҳозирда катта ўғиллари Шохруз Марказий кон бошқармаси тизимида фаолият юритса, Диёрбек ва Элёрбек Корея давлатининг жаҳон тан олган университетларидан бири Ханянг университети талабалари ҳисобланади. Оиланинг кенжаси Сардорбек ҳам ҳозирда олий ўқув юртида ўқиш ниятида имтиҳонларга тайёргарлик кўрмоқда. Жамоада тажрибали устоз, етук мутахассис ҳисобланган қаҳрамонимиз оиласига ҳам, фарзандларининг таълим-тарбиясига ҳам масъулият билан қарашга одатлангани боис ҳам унинг қалбида саодат, бахт, меҳр-муҳаббат доимий меҳмон.

Нафосат Зиёева,

"НКМК" АЖ МКБ мухбири.

ЎзА