Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мастурахон имтиёз асосида институтга қабул қилинган фаол ёшлардан
14:29 / 2023-10-09

Мотивация

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш бўйича тавсияномалар бериш тартиби йўлга қўйилган.

Тавсияномалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимидаги сардорларга, бошланғич ташкилотлардаги йўналиш етакчиларига, икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи ёшларга — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бир нафардан ёшларига тақдим этилади. Тавсиянома эгалари ўз ҳудудидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида қабул қилинади. 

2004 йил Наманган шаҳрида туғилган Мастурахон Набихонова ушбу қарор доирасида имтиёзга эга бўлиб, давлат гранти асосида Наманган давлат педагогика институтига қабул қилинган фаол ёшлардан.

Мастурахон ўзининг тиришқоқлиги, иқтидори, изланувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб туради. У 2016-2019-ўқув йилларида Наманган вилояти “Камалак” болалар ташкилоти Cардорлар кенгаши раиси, 2019-2020-ўқув йилида вилоят Ёшлар иттифоқи сардори сифатида тенгдошларига етакчилик қилган. Ҳозирда институтда ёшлар етакчиси сифатида фаолият олиб боради.

Мастурахон вилоят сардори сифатида имконияти чекланган болалар, иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар учун  100 дан ортиқ ижтимоий лойиҳалар ташкил этган.

— Имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглини кўтариш, ўз тенгдошлари каби мавжуд имкониятлардан фойдаланиши учун кўмаклашиш энг асосий мақсадларимдан бири эди, — дейди Мастурахон Набихонова. — Чунки бу тоифадаги тенгдошларимиз ҳам жамиятнинг фаол иштирокчиси бўлиши, ўз иқтидорини намоён эта олиши лозим. Шу боис ҳам “Камалак” болалар ташкилоти ва вилоят Ёшлар иттифоқидаги фаолиятим давомида имконияти чекланган ўғил-қизлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратганман. Бу борада имконияти чекланган болалар ва талабалар учун “Қайноқ қалблар” лойиҳасини ташкил этдим. Лойиҳа доирасида ҳомийлардан йиғилган маблағлар ва совғаларни имконияти чекланган болаларга етказдик. Фаол ёшларимиз билан 50дан ортиқ болажонларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларга қувонч улашдик, ўз тенгдошлари сафида фаоллик кўрсатишга ундадик. 

Бундан ташқари, қизларга мотивация бериш, уларда ўз мақсадларига эришишга бўлган ишончни орттириш мақсадида “Girls for girls” ижтимоий лойиҳасини ташкил этганман. Бу лойиҳа доирасида тенгдошлари орасида ютуқларга эришиб келаётган қизлар билан учрашувлар ташкил этилган. Бу, албатта, ёш қизларни ўз устида ишлашга, юксак марралар сари интилишига хизмат қилади. 2020 йили вилоятимизда ёш хотин-қизлар билан ишлашнинг замонавий модулини яратиш мақсадида ташкил этилган “Қизлар овози” клубида ҳам самарали фаолият олиб боришга ҳаракат қилдим, — дейди Мастурахон.

Мастурахон Набихонова қатор форум ва фестивалларда, бир нечта кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Хусусан, 2016 йил Наманган шаҳрида “Камалак болалар ташкилоти” сардорларининг анъанавий 15-Республика анжуманининг вилоят босқичида “Энг жажжи сардор” номинацияси ғолиби, 2017 йил Қашқадарё вилоятида “Камалак болалар ташкилоти” сардорларининг анъанавий 16-Республика анжумани доирасида ўтказилган “Мен сардорман” видео-фоторепортаж танлови ғолиби бўлган. Шунингдек, мазкур анжуман доирасида ўтказилган “Тоза ҳудуд” акциясида фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланган.

Бундан ташқари, 2018 йил Тошкент шаҳрида “Вазирлик ва ўқувчи ёшлар” лойиҳасида фаол иштироки учун сeртификат билан тақдирланган. 2022 йил “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган “Мунозара” интеллектуал ўйинининг республика босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритган. Яна шу йили Тошкент вилоятида “Камалак” болалар ташкилоти сардорларининг анъанавий 21-Республика анжумани доирасида “Энг намунали ҳудудий Сардорлар кенгаши” танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган.

Шунингдек, 2020 йил онлайн тарзда ўтказилган “International Girls Summit-2020” халқаро саммитида “Wonderful activist” номинацияси ғолиби бўлган. “Камалак юлдузлари” кўрик-танловининг вилоят босқичларида дипломлар билан тақдирланган. Бундан ташқари, “Замин” фонди томонидан ташкил этилган “Digital Generation girls” лойиҳасида стартап йўналишида “Eco care” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлган киритган.

Мастурахон Набихонова ёшларга оид катта давраларда ўз ташаббуслари билан фаол қатнашиб келади. Жумладан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифлари ҳамда 2020 йили Тошкент шаҳрида Президентимиз иштирокида ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар форумида қатнашган.

У ўз фаолияти давомида турли мавзуларда мақолалар ёзиб, маҳаллий ва республика матбуот нашрларида чиқишлар қилиб келади. Айни пайтга қадар Мастурахон Набихонованинг “Ёш куч”, “Болалар дунёси”, “Халқ сўзи”, “Қалдирғоч”, “Ёшлар овози”, “Чуст ҳақиқати” каби газета ва журналларда мақолалари чоп этилган.

Мастурахон болалигиданоқ кўзи чақнаб туриши, ҳаракатчанлиги ва тиниб-тинчимаслиги билан устозлари эътиборини қозонган. Ёшлар ташкилотларидаги фаолияти давомида тенгдошлари билан ёнма-ён ўз тажрибаларини орттирди. У ўз ҳаракати билан марраларга эришаётган ёшлар вакили сифатида инсон ҳеч қачон ҳаракатдан, изланишдан, билим олишдан тўхтамаслиги керак, айниқса, ёшлар бугунги кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда қатъият кўрсатиши лозим, деб билади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА