Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маст ҳайдовчи – йўлдаги таҳдид
14:42 / 2025-10-11

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳаёти ва соғлигини асраш давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳолатлари ҳануз кун тартибидан тушмаётгани ташвишли ҳолатдир. Бу каби қоидабузарликлар нафақат маъмурий, балки жиноий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131 ва 136-моддаларида транспорт воситаларини алкоголли ичимлик ёки гиёҳванд моддалар таъсирида бошқариш ҳолатлари учун қатъий жавобгарлик белгиланган.

2025 йил 20 февралда қабул қилинган ЎРҚ–1033-сон қонун билан мазкур моддаларга ўзгартишлар киритилиб, жазо чоралари янада кучайтирилди. Энди маст ҳолда транспорт бошқарган ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима ёки уч йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Агар бу ҳуқуқбузарликни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахс содир этса, у эллик баравар миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосига тортилади.

Қашқадарё вилоятида 2024 йил давомида мазкур модда билан жавобгарликка тортилганлар сони 1697 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида бу кўрсаткич 1392 нафарни ташкил этди.

Шунингдек, мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун 2025 йилнинг тўққиз ойида 260 шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ўсган.

Жорий йилда маъмурий жавобгарликка тортилган 1392 ҳайдовчидан 1157 нафарига жарима, шуларнинг 980 нафарига ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланган. 235 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Улар орасида 15 нафар аёл, 71 нафар 60 ёшдан ошган шахс ҳамда 148 нафар чет эл фуқароси бор.

МЖтКнинг 136-моддаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликка тортилган 260 шахсдан 225 нафарига жарима, 35 нафарига маъмурий қамоқ жазолари қўлланилди.

Судлар мазкур тоифадаги ишлар бўйича муросасиз позицияни сақлаб қолган ҳолда, жазо муқаррарлигини таъминлаб келмоқда. Бу эса келгусида маст ҳолда транспорт бошқариш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.

Ҳар бир ҳайдовчи қонун талабларига қатъий риоя этиши, ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўймаслиги лозим. Йўлдаги масъулият фақат шахсий эмас, балки жамият олдидаги бурч ҳамдир.

Ў. Мамадалиев,

Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари.

ЎзА