Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Ўмонда ўтказилган «Ўзбекистон-Ўмон» халқаро туризм форуми доирасида Ўмон Султонлиги мерос ва туризм вазири Салим бин Муҳаммад ал Маҳруқий билан музокаралар ўтказди.
Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқдилар, икки томонлама туризмни ривожлантириш ва ўзаро сайёҳлик оқимларини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Икки мамлакатнинг бой меросини инобатга олган ҳолда маданий, тарихий ва зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўмон туризм вазири Ўзбекистоннинг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва қўшма сайёҳлик йўналишларини ташкил этишга қизиқиш билдирди. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ипак йўлидаги муҳим манзил сифатидаги салоҳиятини таъкидлади.
Учрашувда тегишли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, қўшма форум ва ярмаркалар ўтказиш, икки мамлакат туроператорлари ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар самарали ва дўстона муҳитда ўтди, бу эса Ўзбекистон-Ўмон сайёҳлик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА