Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Масофавий таълим: жараён ва натижалар
15:27 / 2024-03-26

Таҳлил ва таклиф

Масофавий таълим, деганда аввал кўпчиликка билим олиш ва таълим беришга юзаки ёндашишдек туюлгани бор гап. Аммо бугунги кунда юртимиз олий таълим муассасаларида масофавий таълимни ташкил қилиш ва унинг истиқболлари бўйича миллий ва хориж тажрибалар асосида фаол тизим яратилди.

Албатта бунинг учун технологик имкониятлар ҳам ўз ўрнида муҳим. Хўш, бугун масофавий таълим тажрибалари қандай самара бермоқда? Шу каби саволлар юзасидан Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази Таълим самарадорлигини тадқиқ қилиш бўлими бошлиғи Тўлқин Маматалиев билан суҳбатлашамиз.

– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июнда “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга асосан масофавий таълим қабул параметрлари ва йўналишлари таcдиқланди. 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муасса­салари бакалавриатининг масофавий таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари 3410 тани, шундан 2410 нафар талаба ўзбек тилида, 1000 нафари рус тилида таҳсил олиши белгиланди.

Шу жиҳатдан Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази томони­дан Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни ташкил этиш ҳолати ва истиқболлари бўйича миллий ва хорижий тажриба қиёсий таҳлил қилинди.

Унда таълим тизими ривожланган хорижий мамлакатлар – Германия, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Финляндия, Бразилия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ҳамда масофавий таълим бўйича фаолият олиб борувчи нуфузли халқаро ташкилотларнинг тажрибалари ўрганиб чиқилди.

Бундан ташқари, масофавий таълим сифати ва ундаги камчиликларни аниқлаш мақсадида ушбу таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўртаси­да сўровнома ташкил этилди. Сўровномада иштирок этган 2610 нафар талабанинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди.

Сўровнома иштирокчиларининг 1553 нафари (61,1 фоиз) масофавий таълим ишдан ажралмаган ҳолда билим олиш имкониятини бергани учун жозибадор деб ҳисоблайди.

– Сўровнома натижаларига кўра, қандай муаммо ва камчиликлар аниқланди?

– Натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, талабаларга масофавий таълим платформаси ҳақида атрофлича маъ­лумот берилмасдан ўқиш жараёни бошланган. Бу, ўз навбатида, талабалар ўртасида кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

Яна бир жиҳат масофавий таълим шаклида кўплаб дарс соатлари талабаларнинг иш вақтига тўғри келиб қолаётгани талабалар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Масофавий таълим ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш шакли эканлигини инобатга олсак, дарс соатлари вақтини талабаларнинг иш вақти билан мувофиқлаштиришга зарурат туғилаётгани маълум бўлади.

Дарҳақиқат, кўплаб платформаларда дарс машғулотларини интерактив шаклларда олиб боришнинг имкони йўқ. Масофавий таълим платформаларининг дизайн жиҳатдан содда ишлаб чиқилганлиги, бунда интерактив контентларнинг етишмаслиги талабаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини пасайтириши ҳам табиий.

Шунингдек, платформада ҳар бир ўқув курси бўйича ўзаро мулоқотни таъминловчи кичкина гуруҳларни ташкил қилиб бўлмайди. Бу эса талабалар ўртасида ўзаро мулоқотнинг камайишига олиб келиб, таълимнинг интегратив характерини заифлаштирмоқда.

Яна бир жиҳат: аксарият ОТМлар битта гуруҳда таълим олиши керак бўлган талаба­ларнинг белгиланган миқдорига риоя қилмаётганини ҳам кузатиш мумкин. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низомида таълим олувчиларнинг максимал сони: гуруҳда – 25 нафар бўлиши кераклиги белгиланган. 30 нафардан ортиқ талабадан иборат гуруҳларнинг кўплиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Юқорида айтилганидек, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида интернет алоқа тизими билан боғлиқ технологик муаммоларнинг ҳанузгача долзарб бўлиб қолаётгани шу ҳудудда яшовчиларнинг масофавий таълим олиш имкониятларини чекламоқ­да.

– Масофавий таъ­лимни ташкил этишнинг ижобий жиҳатлари нималарда кўзга ташланди?

– Масофавий таълим шаклида ёши ҳамда ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, аҳолининг кенг қатлами таълим олиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, иқтисодий жиҳатдан таълим олувчилар учун ҳам, ОТМлар учун ҳам самаралидир, чунки унда бошқа анъанавий таълим турларига қараганда харажат ва тўловлар анча кам. Бу ОТМга бориш-келиш учун сарфланадиган вақтни тежаш имконини беради.

– Масофавий таълимни ташкил этишга оид илғор хорижий тажрибалар ҳам ўрганилдими?

– Албатта, мазкур тадқиқот доирасида олий таълим муассасаларида масофавий таълимни ташкил этишга оид илғор хорижий тажриба ҳам ўрганилди.

Масофавий таълимни дунё бўйлаб тарқатишда ва ривожлантиришда хал­қаро ташкилотларнинг роли катта бўлмоқда. Хусусан, 1938 йилда Норвегияда асос солинган International Council for Open and Distance Education (ICDE) ташкилоти масофавий таълимга замонавий технологияларни олиб киришда муҳим аҳамият касб этади. Бу халқаро ташкилот ҳар икки йилда дунё бўйлаб масофавий таълим бўйича конференциялар ташкил этиб келади. Конферен­цияларда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари томонидан масофавий таълим соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этиш ҳамда ушбу соҳани янада ривож­лантириш борасида қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилмоқда.

Европанинг нуфузли ташкилотларидан бири “European Distance and E-Learning Network” (EDEN) эса аъзо давлатлар ўртасида масофа­вий таълим бўйича сўнгги ютуқларни алмашишга кўмаклашади.

Масалан, Германияда олий таълим соҳасида масо­фавий таълимни бошқариш ва назорат қилиш учун “Forum DistancE-Learning” ассоциaцияси тузилган. Унга 2016 йилда 80 га яқин хусусий муас­сасалар аъзо бўлиб, улар 400 000 дан ортиқ талабага масофадан таълим бериб келмоқда.

Буюк Британиянинг Белфаст университетида фармацевтика, Кардиф университетида эса тиббиёт йўналишидаги масофавий магистрлик курслари очилган, уларда талабалар сони 20 нафардан кўп бўлмаслиги белгиланган.

АҚШдаги Southern New Hampshire университетида ҳозирда 34 000 дан ортиқ талаба мавжуд бўлиб, таълим жараёни маҳаллий, халқаро ва эътибор­лиси, ҳарбий ўрганувчиларга мослаштирилган. АҚШда масофавий таълим консорциум ва нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Австралияда масофавий таълимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, талабаларнинг 9 фоизи аралаш таълимни ўз ичига олган мультимодал таълимда таҳсил олади.

Финляндия 2000 йиллардан бошлаб масофавий таълим дастурларидан фойдаланиб келмоқда.

Канадада масофавий таълим ва онлайн таълимни ривожлантириш учун 11 та университет ҳамда Сanada Virtual University (CVU) ҳамкорлиги йўлга қўйилган эди. Кейинчалик уларнинг Таълимда медиа ва технологиялар ассоциaцияси ва Масофавий таълим ассоциaцияси бирлашиб таълимда инновaциялар тармоғига айлантирилди. Бу ташкилот зиммасига Канадада масофавий таълимни бошқариш ва назорат қилиш вазифаси юкланди.

Туркия Олий таълим Кенгаши университетларда масофавий таълимни жорий этиш учун масъулдир. Бир қатор университетларда масофавий таълим­ни ривожлантириш учун алоҳида марказлар фаолият олиб боради.

Туркияда илк бор 2014 йилда “Олий таълим ташкилотларида масофа­вий таълим қоидалари ва тамойиллар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Бу масофавий таълимда вужудга келган муаммо ва камчиликларни барта­раф этиш, масофавий таълим сифатини оширишга имкон яратди.

– Юқоридаги сўровнома ва хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили асосида қандай таклифларни илгари сурасиз?

– Аввало, сўровнома натижасидан маълум бўлдики, кўплаб талабалар масофавий таълим платформасида ишлаш ноқулайлиги, техник муаммолар ва ўқув-контентларнинг зерикарли ишланганлигига эътироз билдиради. Шундай экан, ОТМларда масофавий таълим ўқув контентларини яратиш учун оммабоп ва қулай бўлган платформалар билан ҳам­корлик қилиб, улардаги ўқув контентларидан андоза олган ҳолда миллий масофавий таълим контентларини яратиш лозим.

Иккинчидан, давлат ташкилотлари ҳамда хусусий секторга қандай би­лим, кўникма ва малакага эга кадрлар кераклигини таҳлил қилиб, шу асосида масофавий таълимда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш зарур.

Учинчидан, дунёда кўплаб мутахассислар видеоконференцияни масофа­вий таълимни ташкил қилишни энг самарали усули, деб ҳисобламоқда. Шу билан бирга, масофавий таълимда видеоконференция давомийлиги кунлик 2 соатдан ошса, талабаларда зерикиш ва диққатни жамлай олмаслик ҳолатлари кузатилишини инобатга олиб, 2 соатдан оширмаслик лозим. Бунинг ўрнига таълим жараёнини синхрон тарзда ташкил этиш керак. Бу ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим оладиган талабларга анча қулай.

Тўртинчидан, ОТМлардаги масофавий таълим шаклининг асосий муаммолардан бири – таълим сифатини текшириш механизмлари яратилмаганлиги ҳамда мавжуд платформада фан доирасида кичкина гуруҳларни ташкил қилиб бўлмаслиги­дир. Шундай экан, масофавий таълим учун фойдаланадиган платформани дизайн жиҳатдан қизиқарли қилиб яратиш ҳамда талабаларга мавзу доирасида кичик гуруҳлар ва Quiz ўйинларини яратиш имкониятини бериш керак. Бунда биз талабаларни мавзуни қанчалик ўзлаштир­ганлик даражасини аниқлаш имкониятига эга бўламиз.

Бешинчидан, масофавий таълим сифати кўпроқ профессор-ўқитувчи­ларга боғлиқ, шу боис уларнинг кўникмасини тизимли ривожлантириш, малакаларини мунтазам ошириб бориш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарур.

Олтинчидан, LMS платформаларининг хавфсизлигини ошириш мақса­дида, Автопрокторинг тизими билан биргаликда шахсни идентификaция қилиш компонентини платформаларга жорий қилиш керак. Бу тизим ва компо­нентлар платформалар шаффофлигини яхшилашга хизмат қилади. Уларни OneID тизими билан бирлаштириш орқали масофавий таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларни идентификaция қилиш мумкин.

Еттинчидан, талабаларга дарслик ва дарс жадвалларидан фойдаланиш қулай бўлиши учун LMS платформасининг мобил иловасини яратиш мақсадга мувофиқдир. Бу талабаларга дарс машғулоти вақтини, силлабус ҳамда дарс жадвалини тез ва осон топиш имконини беради.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/i3dTPzF2Q0g" title="MASOFAVIY TAʼLIM: JARAYON VA NATIJALAR" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

 

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ

 суҳбатлашди.