Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Масофавий таълим бўйича халқаро эксперт ўз тавсия ва таклифларини билдирди
16:40 / 2020-04-10

Бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатларини қамраб олган коронавирус инфекцияси Ўзбекистон Республикасига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.


Бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатларини қамраб олган коронавирус инфекцияси Ўзбекистон Республикасига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Мамлакатимизда инфекция тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида, таълим муассасалари ўқувчилари учун 2020 йилнинг 16 март кунидан эътиборан қўшимча таътил эълон қилинди ва таълим жараёнларини масофадан ташкил этиш йўлга қўйилди.

Ўқувчиларимизнинг йил давомида олган билим ва кўникмаларида узилиш бўлиб қолмаслиги ҳамда давлат таълим стандартларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар, педагогларнинг саъй-ҳаракатлари билан таътил давомида таълим муассасалари ўқув режасидаги дарслари видеотасвирга олиниб, онлайн дарслар кўринишида телеканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилиб келинмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, бутун дунё бўйича умумтаълим тизимида ўтказилиши режалаштирилган халқаро PISA ва PIRLS тадқиқотлари доирасидаги тажриба-синовларининг ташкил этилиш муддатлари кечиктирилган бўлса-да, халқаро тадқиқотларга тайёргарликни давом эттириш мақсадида, ўқувчиларнинг мантиқий ва ижодий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган халқаро тадқиқотларнинг топшириқ намуналари ҳақида ҳам онлайн видеодарслар орқали тушунчалар бериб борилмоқда.

Бугунги кундаги вазият дунёнинг кўплаб мамлакатлари қаторида бизнинг мамлакатимиз учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳали масофавий таълим жорий этилмаган мамлакатимиз мактаб таълим тизими учун қисқа фурсатда барча синфларда барча мавзулардаги видеодарсларни тайёрлаш ва эфирга узатиш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг бу видеодарсларни қанчалик кузатиб, ўзлаштириб бораётганлигини аниқлаш, уларнинг мустақил олаётган таълимларини масофавий баҳолаш каби қатор масалалар кун тартибига қўйилмоқда.

Шу каби саволларга жавоб излаш, бундай қийин вазиятда масофавий таълимни сифатли ташкил этиш, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

Хусусан, жорий йилнинг 9 апрель куни таълим сифатини баҳолаш йўналишида кўп йиллик тажрибага эга бўлган халқаро эксперт, тестолог Марк Зельман иштирокида видеосеминар ташкил этилди. Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Инспекция ҳузуридаги Миллий марказ мутахассислари, ҳамда онлайн дарсларни ташкил этишда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар, тренерлар ўзларининг уйларида ёки иш жойларида қолиб иштирок этдилар.

Видеосеминарда Марк Зельман ўқувчиларни масофавий таълимга қизиқтириш, масофавий дарсларни сифатли ташкил этиш, самарадорлигини ошириш, онлайн баҳолаш методлари ва бошқа шу каби масалалар бўйича ривожланган давлатлар тажрибалари билан ўртоқлашди ҳамда ўз тавсияларини берди.

Жумладан, дарсларни масофадан ташкил қилишда самарадорликни ошириш учун видеомаҳсулотлар билан бирга Zoom, Google plus ва бошқа веб-конференция тизимларидан фойдаланишни йўлга қўйилиши, дарсларни ўзаро мулоқот ва жонли тарзда, реал вақт режимида ташкил этиш имконини бериши халқаро эксперт томонидан таклиф этилди.

Видеосеминар мазмунли, музокараларга бой тарзда ташкил этилиб, унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига халқаро эксперт томонидан атрофлича жавоб олдилар.