Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Масофавий электрон декларациялаш – соҳада шаффофликни таъминлашнинг муҳим омили
13:03 / 2021-11-24

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун “Рақамли божхона: Тошкент вилоятининг “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолиятига назар” мавзусида навбатдаги пресс-тур ташкил қилинди.

Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фаолият самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

 Мазкур фармон билан жорий йилнинг 1 октябрь санасидан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида божхона тартиботларини масофавий бошқариш орқали инсон омилини кескин қисқартириш борасида  янгича тизим, яъни “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этилди. Шунингдек фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг бошқа ҳудудий бошқармаларида ҳам мазкур турдаги божхона постлари ташкил этилиши режалаштирилган.

“Масофавий электрон декларациялаш” божхона постларининг босқичма-босқич жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, коррупция омилларига барҳам бериш, божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, божхона ходими ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида мулоқотни кескин қисқартиришга хизмат қилади.

 Тадбир аввалида журналистларга “Рақамли Ўзбекистон божхонаси” кўргазмали тақдимоти ва соҳадаги ислоҳотларга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.

 Божхона тизимига “Рақамли божхона” тамойилининг кенг жорий қилинаётганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатларини тежашга хизмат қилмоқда. Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.

 Божхона назоратида илғор технологияларни тадбиқ этилиши натижасида божхона декларациясини расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз божхона юк декларациялари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.

 Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, пресс-турда журналистлар Тошкент вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган “Масофавий электрон декларациялаш” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида яратилган шароитлар, бу ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

“Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида 31 нафар ходим хизмат қилади. Ўтган давр мобайнида божхона постида божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, улар бўйича 701,5 миллиард сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган. Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 445 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари вилоят божхона бошқармасининг янги фойдаланишга топширилган биносида яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишишди.

Бундан атиги икки йил аввал эзгу ниятлар билан Нурафшонда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг янги маъмурий биносига илк тамал тоши қўйилган бўлса, ўтган қисқа фурсат давомида кўзни қувнатадиган, замонавий божхона стандартларига тўла жавоб берадиган маъмурий бино бунёд этилди. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида мазкур бинонинг тантанали очилиши вилоят божхоначилари учун чинакам маънода туҳфа бўлди.

 Эндиликда Тошкент вилояти божхона бошқармасидан туриб барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидан вазиятни кузатиб бориш ва ўзаро ахборотлар алмашиш янада такомиллашди. Божхона объектларидаги юзлаб, минглаб видеокузатув камералари бу ерда ягона нуқтага жамланади ва тасвирларни исталган вақт ва масштабда кузатиб бориш мумкин.

 Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 

Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой АБДУВОИТОВ (сурат), ЎзА