Ватан тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар учун ота-она дуоси, оиланинг меҳр-муҳаббати энг катта маънавий таянч ҳисобланади.
Айнан шу эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги маънавий ришталарни кучайтириш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда муҳим ва самимий тадбир — телемост шаклидаги учрашув ташкил этилди. Мазкур учрашувда Нукус шаҳри ва Самарқанд вилоятидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган йигитлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Масофа ва вақт тўсиқларига қарамай, телемост орқали ташкил этилган ушбу мулоқот қалбларни бирлаштириб, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги соғинч ва меҳрни яна бир бор намоён этди.
Учрашув давомида ота-оналар фарзандлари билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг хизмат шароитлари, кундалик машғулотлари, яшаш тартиби ва соғлиги билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Ҳарбий қисмдаги тартиб-интизом, яратилган шароитлар ва ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган эътибор ота-оналарда катта мамнуният уйғотди. Улар ўғилларининг сафдаги қатъийлиги, масъулият ҳисси ва хизматга бўлган жиддий муносабатини кўриб, хурсанд бўлишди.

Суҳбат жараёнида ҳарбий хизматчилар ҳам ота-оналарига ҳарбий ҳаёт уларга ҳаётий сабоқ, мустақил қарор қабул қилиш, интизом ва жамоавийликни ўргатаётганини таъкидлашди. Улар ота-оналарининг доимий қўллаб-қувватлаши, дуолари ва эзгу тилаклари хизмат йўлида уларга куч, ишонч ва бардамлик бағишлаётганини самимият билан эътироф этдилар.
Телемост давомида янграган илиқ сўзлар, самимий табассумлар ва ҳаяжонли лаҳзалар учрашувга алоҳида руҳ бағишлади. Бу мулоқот ота-оналар учун фарзандларининг ҳарбий хизматни муносиб ўтаётганига бўлган ишончни янада мустаҳкамлади, ҳарбий хизматчилар учун эса оиланинг меҳрини ҳис этиш, Ватан олдидаги бурчини янада масъулият билан адо этишга ундовчи кучли маънавий рағбат бўлди.
Тадбир якунида фарзандларини Ватанга садоқат, мардлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаб вояга етказган ота-оналарга миннатдорчилик рамзи сифатида ташаккурномалар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири