English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Масофадан туриб ишлаяпмиз, оиладаги юмушлар ижроси ҳам жойида
18:20 / 2020-04-16

Коронавирус пандемияси туфайли халқимиз оғир дамларни бошидан ўтказмоқда.

УЙДА ҚОЛИНГ

Коронавирус пандемияси туфайли халқимиз оғир дамларни бошидан ўтказмоқда. Карантин тартиби жорий этилган айни пайтда белгиланган қоидаларига риоя қилган ҳолда фарзандларимиз, набираларимиз, бутун оиламиз билан уйда қолиб, масофадан туриб, фаолият юритяпмиз.

Кичик фарзандим, набираларим билан телевидение орқали намойиш этилаётган онлайн дарсларни биргаликда кузатиб, уларнинг ўтилаётган дарсларни ўзлаштиришлари, уй вазифаларини бажаришларини назоратга олганман. Бундан ташқари, устозлари, синф раҳбарлари билан телеграм канали орқали доимий мулоқот қилиб боряпман. Муҳтарам Президентимизнинг пандемия оқибатларининг олдини олиш борасида халқимизга қилган мурожаатидаги “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг” деган фикрларидан келиб чиқиб, фарзандларимнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Томорқадаги юмушлар, шунингдек, овқат тайёрлаш, умуман, ошхонадаги ишларни биргалашиб бажариш орқали, уларни меҳнатга ўргатяпмиз. Бир кунда камида икки маҳал бутун оила бир бўлиб, турли жисмоний машғулотлар билан бандмиз. Китоб мутолааси оиламиздаги энг севимли машғулот ҳисобланади. Ҳар куни камида уч-тўрт соат вақтимизни китоб ўқишга сарфлаяпмиз. Масалан, мен карантин даврида Ўткир Хошимовнинг “Дунёнинг ишлари” китобини яна бир бор, шунингдек, амеркалик ёзувчи Жадсон Филипснинг “Миш-мишлар шаҳри” номли романини ўқиб чиқдим. Оиламизнинг ҳар бир аъзоси битта-иккитадан китоб ўқиди. Очиғи, аввал иш билан бўлиб китоб ўқиш, фарзандларим билан бирга дарс тайёрлаш у ёқда турсин, ҳатто оиладаги ишларимга ҳам аранг улгурар эдим. Ҳар нарсада ҳикмат бор деганларидек, карантин оиламиз бағрида бўлишга, китоб ўқишга, фарзандларимиз билан кўпроқ шуғулланишга имкон бермоқда.

Фаолиятимизни ҳам ташлаб қўйганим йўқ. Масофадан, онлайн тарзда иш олиб боряпман. Ҳар куни вазифам йўналишида партиямиз туман, шаҳар кенгашлари томонидан турли йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, тарғибот-тадбирлари, депутатларимиз фаолияти ҳақида маълумотларни олиб, масъулларга етказиб бераман.

Бугун биздан коронавирус деган офатнинг юқиши, тарқалишининг олдини олиш учун уйда қолиш талаб этиляптими, демак, барчамиз уйда қолишимиз керак. Шу орқали касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Назаримда айни вазиятда энг оқилона йўл шу.

Умидахон ИСАЕВА,
OʻzLiDeP Андижон вилоят Кенгаши
“Аёллар қаноти” раиси.