Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Масофадан ишлашда кимлар устувор ҳуқуққа эга?
15:38 / 2022-11-11

Мамлакатимизда меҳнат бозорининг ривожланиб бориши билан боғлиқ ҳолда янги меҳнат муносабатларининг юзага келиши табиий ҳолат ҳисобланади. Жумладан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди. Яъни, янги кодекс билан масофадан туриб ишлаш имкони яратилди.

Хўш, масофадан туриб ишлаш деганда нима тушунилади, унинг тартиб-қоидалари қандай? Кимлар масофадан туриб ишлашда алоҳида ҳуқуққа эга?  

Бу каби саволларимизга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Юридик бўлим бошлиғи Абдусамат Абдукаримовга мурожаат қилдик. Вазирлик вакили масофадан туриб ишлаш борасида қуйидагиларни сўзлаб берди:  

— Маълумки, короновирус пандемияси оқибатида карантин жорий этилиб, ана шундай шароитда масофадан туриб ишлашга мажбур бўлдик, — дейди Абдусамат Абдукаримов. — Бу эса масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тақозо этади. Шу боис янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида масофадан туриб ишлашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилди.   

Масофадан туриб ишлаш деганда меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини иш берувчи жойлашган ердан, иш берувчининг бевосита ёки билвосита назоратида бўлган стационар иш жойидан, ҳудуддан ёки объектдан ташқарида бажариш тушунилади. Бунда мазкур меҳнат вазифасини бажариш ҳамда уни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича иш берувчи билан ходим ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш учун ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш шарт бўлади.  

Масофадан туриб ишлаш режими ходимни ишга қабул қилишда, ходим одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилган тақдирда белгиланиши мумкин. Ходимни масофадан туриб ишлашга қабул қилиш ва ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.  

Муайян иш берувчида ишлаётган шахснинг аввалги меҳнат вазифасини давом эттирган ҳолда одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши меҳнат шартларининг ўзгариши ҳисобланади. Ходимнинг одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши, агар бунда ходимнинг меҳнат вазифаси ўзгарса, бошқа ишга ўтказиш ҳисобланади.  

Масофадан туриб ишлаш режими, ўз навбатида, доимий ёки вақтинчалик хусусиятга эга бўлиши мумкин. Доимий асосда масофадан ишлаш қуйидаги ҳолатларда жорий этилади: меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришнинг бутун вақти давомида масофадан туриб ишлаш тўғрисида номуайян муддатга ёки муддатли меҳнат шартномаси тузилганда. Шунингдек, иш берувчининг назорати остида бўлган стационар иш жойидан ташқарида доимий асосда ишлаш ҳақидаги шартни ўз ичига олган меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув тузилганда йўл қўйилади.  

Вақтинча масофадан туриб ишлаш эса ходим томонидан меҳнат вазифасини унинг розилиги билан иш берувчининг назорати остида бўлган стационар иш жойидан ташқарида вақтинча бажарилишини назарда тутувчи иш режимидир. Вақтинча масофадан туриб ишлашда меҳнат шартномаси тарафларининг розилиги билан масофадан туриб ишлаш режимининг муддати шарт қилиб кўрсатилган бўлиши ҳамда вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишнинг энг кўп муддати бир йилдан ошмаслиги керак.  

Меҳнат шартномасининг тарафлари ўртасидаги келишувга кўра, масофадан туриб ишлашнинг аралаш режими ҳам қўлланилиши мумкин. Бунда меҳнат шартномасида стационар иш жойида ва масофадан туриб ишлаш муддатлари ҳамда уларнинг навбат билан алмашиниши белгиланиши мумкин.  

Масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси ва тарафлар белгилаган масофадан туриб ишлаш ҳақидаги меҳнат шартномаси шартларининг ўзгариши тўғрисидаги келишувлар умумий тартибда ёки электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузилиши мумкин. 

Бундан ташқари, кодексда вақтинча масофадан туриб ишлашга  

ўтишга ёки масофадан ишлашга ўтказишга доир устувор ҳуқуққа эга бўлган ходимларнинг тоифалари белгиланган. Жумладан, ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари, васийлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшга доир пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларни ёки оиланинг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган бемор аъзоларини парваришлаётган ходимлар масофадан ишлашга ўтказишда устувор ҳуқуққа эга ҳисобланадилар. Шунингдек, ички ҳужжат ва меҳнат шартномасида назарда тутилган ходимларнинг бошқа тоифалари ҳам вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуққа эга бўлиши мумкин.  

Кодексда масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш вақти масаласи ҳам очиб берилган. Яъни, масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш вақти унинг иш берувчи билан алоқада бўлиши, бевосита ҳамкорлик қилиши керак бўлган, қайд этилган иш вақтини ўз ичига олади. Масофадан туриб ишлашнинг аралаш тартибида қайд этилган иш вақти эса меҳнат шартномаси тарафларининг келишувида назарда тутилган стационар иш жойидаги иш вақтидан иборат. Бундан ташқари, вазифанинг ҳажмидан ва меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шароитлардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгиланадиган иш вақти бўлиши ҳам мумкин.  

Масофадан туриб ишловчи ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, масофадан туриб ишловчи ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида ҳақиқатда ишлаб берилган вақт учун тўланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида эса ҳақиқатда бажарилган иш ҳажми учун амалга оширилади. Шунингдек, меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра белгиланади.  

Таъкидлаш жоизки, янги кодекс билан масофадан туриб ишлаш тартибининг жорий этилганлиги ходимларга қулайлик яратишга, уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.  

ЎзА