Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи саммити минтақавий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган муҳим қарорлар билан якунланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилган учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди.
Учрашув минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш, стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва глобал таҳдидларга биргаликда жавоб бериш зарурлигини кўрсатди. Озарбайжоннинг ушбу ҳамжамиятга қўшилиши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида иқтисодий ва транспорт алоқаларини кучайтириш учун янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Муҳокама қилинган асосий йўналишлар – “Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси” ҳамда “Таҳдидлар каталоги” қабул қилингани, 2026-2028 йилларга мўлжалланган чоралар режаси ишлаб чиқилгани, терроризм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш бўйича тизимли ҳамкорлик белгилангани минтақамиз тинчлиги ва барқарорлиги кафолати бўлиб хизмат қилади. Транспорт ва энергетика лойиҳаларига Афғонистонни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. “Хитой–Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли, Трансафғон йўлаги ва Транскаспий йўналишлари муҳим лойиҳалар сифатида тилга олинди.
Минтақа давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви нафақат анъана, балки Марказий Осиё бирлигининг янги босқичи рамзига айланган форумдир. Бу жараёнда Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди, у нафақат ҳозирги саммитни қабул қилмоқда, балки форматнинг асосчиси ҳамдир. Мамлакат нафақат ушбу форматнинг бошида турди, балки барча йиллар давомида унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолмоқда.
Учрашувлар ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёев бўлиб, унинг очиқлик ва яхши қўшничилик сиёсати минтақа ичидаги муносабатларни амалда қайта ишга туширди. 2018 йил март ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Остонада биринчи учрашувга йиғилганларида, бу майдон позицияларни мувофиқлаштиришнинг доимий ва талабгир механизмига айланади деб кўпчилик тахмин қила олмаган эди. Бугунги кунда маслаҳат учрашувларини шунчаки дипломатик маросим деб аташ қийин – бу аниқ масалаларни ҳал қилишга ва умумий мақсадларга эришишга ёрдам берадиган самарали форматга айланди.
Минтақавийлашувнинг янги босқичи 2016 йилда, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлиги остида қўшнилар билан ишончли муносабатлар ўрнатишга киришганда бошланди. Қисқа муддатларда эски тўсиқлар олиб ташланди: Тожикистон билан виза режими бекор қилинди, ҳаво қатнови ва темир йўл линиялари тикланди, чегараларни делимитация қилиш жараёни бошланди. Буларнинг барчаси минтақа ичидаги ҳамкорликка янги динамика бағишлади, савдо, туризм ва алоқаларни жонлантирди. Марказий Осиё мамлакатларининг мувофиқлаштирилган ва келишилган ёндашувлари минтақавий ривожланиш ва фаровонликнинг умумий мақсадларига эришишга имкон бермоқда.
Ўзбекистон раислиги доирасида раислик концепцияси ва қўшма тадбирлар жадвали қабул қилинди. Йил давомида хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар раҳбарлари, саноат, энергетика, сув хўжалиги ва экология вазирларининг учрашувлари бўлиб ўтди, медиа ва ёшлар форумлари ташкил этилди. Йил охирига қадар парламентлараро форум, мудофаа, савдо ва транспорт вазирлари учрашувлари, шунингдек, бир қатор маданий-гуманитар ташаббуслар режалаштирилган.
Минтақавий шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш учун Тошкент маслаҳат жараёнининг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган концептуал ҳужжатларни тайёрлади. Учрашувда Президентимиз сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, транспорт ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, чегараолди савдони ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги драйверларини ишга тушириш бўйича ташаббуслар илгари сурди. Саммит диққат марказида сув ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, иқлим ўзгариши ва табиатдан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорлик масалалари бўлди.
Ўтган йилги Остонадаги учрашувда давлат раҳбарлари ҳамкорлик учун узоқ муддатли йўналишни белгилаб берган "Марказий Осиё-2040" концепциясини қабул қилдилар. Унинг асосий мақсади – саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва минтақани ўзига хос ўсиш ва барқарорлик марказига айлантиришдир.
Шу билан бирга расмий Тошкент хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Президентимизнинг сўзларига кўра, халқаро кун тартиби Афғонистондаги вазиятни аста-секин иккинчи планга туширди, бироқ минтақа ўз чегараларида содир бўлаётган воқеаларни эътиборсиз қолдира олмайди. Шавкат Мирзиёев чақириқларга биргаликда жавоб бериш учун минтақавий хавфсизлик ва барқарорликнинг комплекс концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда. Бугунги кунда шу нарса аниқ: маслаҳат учрашувлари формати нафақат такомиллашди, балки минтақанинг сиёсий маданиятининг бир қисмига айланди. Саккиз йил ичида Марказий Осиё давлатлари бир-бирини тинглашни ва эшитишни, муроса излашни ва биргаликда қарорлар ишлаб чиқишни ўргандилар. Ва бунда кўп жиҳатдан Тошкентнинг хизмати бор. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати туфайли минтақа ўзаро даъволар ва ёпиқ чегаралардан очиқ йўлларга, қўшма лойиҳаларга ва умумий ривожланиш кун тартибига ўтди.
Ўзбекистон мунтазам учрашувлар ғоясини иқтисодийдан гуманитаргача бўлган реал ташаббуслар туғиладиган самарали механизмга айлантира олди. Натижада, Марказий Осиё тобора мустақил ва нуфузли минтақага айланмоқда, унинг етакчилари нафақат бир-бирлари билан, балки ташқи ҳамкорлар билан ҳам тенг даражада муносабатларни ўрната оладилар.
Минтақа аллақачон сезиларли натижаларни намойиш этмоқда. Сўнгги беш йилда минтақа ичидаги савдо 80 фоиздан ортиқ ўсди ва 11 миллиард доллардан ошди, потенциал эса 15 миллиардга етиши мумкин.
Президент Мирзиёев янада олдинга боришни – ягона минтақавий бозорни стратегик мақсад сифатида кўриб чиқиш, бошланишига эса минтақа давлатлари бош вазирларининг ўринбосарлари мунтазам учрашадиган Иқтисодий кенгаш таъсис этишни таклиф қилмоқда. Маслаҳат учрашувларининг ташкил этилиши яқин қўшничилик, ўзаро шерикчилик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, ўзаро тажриба алмашиш орқали иқтисодиётни янада ривожлантиришга замин яратади.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ташкил этиш ғояси қўшни давлатлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланган эди. 2018 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувлари мунтазам ўтказила бошланди. Бундай учрашувлар доирасида кўплаб муаммоли масалалар конструктив тарзда ҳал этилади. Ҳудудий низолар, сув тақсимоти, чегара ва бошқа долзарб масалалар маслаҳат учрашувлари кун тартибига киритилди.
Бу ютуқлар, биринчи навбатда, иқтисодий ривожланишда ўз аксини топмоқда. Жумладан, 2022 йилдан бошлаб Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти кетма-кет уч йил давомида йилига 5 фоиздан ортиқ ўсишни қайд этди. Бу жаҳон иқтисодиётининг ўртача 3 фоизлик ўсиш суръатидан сезиларли даражада юқоридир. Яна бир эътиборга лойиқ ҳодиса – мамлакатлар ўртасида мувофиқлаштиришни кучайтириш, ягона бозорни шакллантириш, саноат ва таъминот занжирлари ўртасидаги узилишларни бартараф этиш бўлди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдоси барқарор суръатларда ўсиб бормоқда. Агар 2017 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3,2 млрд. долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич икки баравардан кўпроққа ошиб, 6,9 млрд. долларга етди. Хусусан, Қозоғистон билан савдо ҳажми 4 млрд. долларга яқинлашмоқда, Қирғизистон билан 700 млн. долларга, Тожикистон билан 570 млн. доллардан ошган, Туркманистон билан эса сўнгги беш йилда савдо икки баравардан кўпроққа ошиб, 1,15 млрд. долларга етди. Озарбайжон билан савдо айланмаси эса йил бошидан буён 13 фоизга ўсди.
Тошкентдаги саммит интеграцияга барқарор йўналишни тасдиқлади ва Ўзбекистон етакчи рол ўйнайдиган ишончли ва бирлашган минтақани яратиш йўлидаги яна бир қадам бўлди.
Абдурафиқ Ҳошимов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети ҳузуридаги
Дипломатия академияси
кафедраси мудири