Оқ уй расмийлари Илон Маскнинг “Twitter” ижтимоий тармоғини сотиб олиши 2024 йилда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда, — деб хабар бермоқда Американинг “CNBC” телекомпанияси.
“CNBC” телеканали маълумотига кўра, президент Жо Байден маъмурияти Илон Маск “Twitter”да фаолияти тақиқланган собиқ президент Доналд Трампнинг платформага қайтишига рухсат беришидан хавотирда. Аввалроқ “Twitter” томонидан блокланган Трампнинг партиядошлари ҳам ижтимоий тармоққа қайтишлари мумкин. Бу ҳолат АҚШдаги навбатдаги президентлик сайлови натижаларига таъсир қилиши мумкин.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Илон Маск келишуви ҳақидаги саволга изоҳ беришдан бош тортди.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, Жо Байден узоқ вақтдан буён ижтимоий тармоқлар, жумладан, “Twitter”нинг дезинформацияни тарқатиш қобилияти ҳақидаги хавотирларини гапирган. Унинг қўшимча қилишича, бу ҳолатда ижтимоий тармоқлар жавобгарликка тортилиши керак.
Аллақачон Дональд Трамп “Twitter”га қайтмаслигини айтган. У ўзи асос солган “Truth Social” ижтимоий тармоғида қолишини маълум қилди. Бироқ Трамп атрофидагилар сиёсатчи ҳали ҳам блокировкадан олдин 88 миллион обуначи бўлган “Twitter”га қайтишига умид қилмоқда.
Илон Маскнинг ўзи аллақачон платформани сотиб олиш бўйича баёнот берган.
– Эркин сўз – амалдаги демократиянинг асоси, “Twitter” эса рақамли шаҳар майдони бўлиб, унда инсоният келажаги учун муҳим масалалар муҳокама қилинади, – деди Маск.