Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маск “жиддий огоҳлантирилди”ми?
10:01 / 2025-07-25

Мультимиллиардер Илон Маск ихтиёридаги “Starlink” сунъий йўлдош интернет тармоғи бутун дунё бўйлаб узилишга учради. Пайшанба куни кечқурун, Марказий Европа вақти билан 21.00 атрофида бошланган носозлик минглаб фойдаланувчини интернетсиз қолдирди.

Компания ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзган: Starlink ҳозир глобал тармоқ узилиши ҳолатини бошдан кечирмоқда. Муаммони бартараф этиш устида ишлаяпмиз.

“Down Detector” сайти 60 000 дан ортиқ фойдаланувчи узилиш ҳақида хабар берганига урғу берган. Кўпчиликда “тўлиқ узилиш” кузатилиб, барқарор алоқа йўқолган.

АҚШ, Европа, Осиё, Африка ва Австралияда интернет йўқолиши қайд этилган. Жумладан, Италиядаги Сардиния ороли, Швеция пойтахти Стокгольм шаҳри, АҚШнинг Нью-Гемпшир штати ва Колумбиядан ҳам жуда кўп шикоят тушган.

Илон Маск вазиятни қуйидагича изоҳлади:

– Хизмат тез орада тикланади. Узилиш учун узр сўрайман. "SpaceX" муаммо илдизини топиб, бартараф этади ва ҳолат такрорланмаслиги учун чора кўради.

“Starlink” — "SpaceX" компаниясига тегишли сунъий йўлдош орқали интернет хизмати тақдим этувчи глобал тизим бўлиб, 130 дан зиёд мамлакат ва ҳудудни қамраб олган. Компания келажакда 12 000 дан ортиқ сунъий йўлдош ишга тушириш режасини тузган. Узоқ муддатли мақсад эса миқдорни 34 000 дан ошириш.

Айрим давлатлар, ташкилотлар, масалан Украина армияси “Starlink” хизматига тўлиқ таянади. Айни узилиш улар фаолиятига қандай таъсир қилгани ҳозирча номаълум.

Мусулмон Зиё, ЎзА