Тадбиркор Илон Маск Президент Дональд Трамп томонидан илгари сурилган қонун лойиҳасидан норози бўлиб, АҚШда ҳақиқатан халқ учун қайғурадиган янги сиёсий партия тузиш зарурлигини таъкидлади. У айни дам мамлакат “бир партияли”лигини эслатди.
– Қарз чегарасини рекорд даражада – 5 триллион долларга чиқарадиган ушбу қонун лойиҳаси асосида кутилаётган, ақлга сиғмайдиган сарф-харажат туфайли биз бир партиявий мамлакатда яшаётганимиз аён бўлмоқда, –деб ёзган миллиардер ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Халқни чинакам ўйлайдиган янги сиёсий партия тузиш вақти келди.
Аввалроқ Маск шу ҳақда сўровнома эълон қилганди. Атиги 24 соат ичида 5,6 миллиондан кўп одам иштирок этган тадқиқотда таклифни
респондентларнинг 80,4 фоизи ёқлаб чиққан. Май ойида Конгресс қуйи палатаси Трамп томонидан тақдим этилган, “федерал харажатни қисқартириб, муҳим солиқ имтиёзи яратадиган “ягона, катта ва чиройли” қонун лойиҳасини қабул қилди.
Энди ҳам бюджет тақчиллиги, ҳам давлат қарзи ошади, деганди ўшанда Бюджет бошқармаси. Маск ушбу ҳужжатни бир неча бор танқид қилган. Хусусан, аввалроқ бунинг натижасида Қўшма Штатлар бюджети тақчиллиги 2,5 триллион долларгача ўсиши, Америка фуқаролари чидаб бўлмас даражада қарзга дуч келишини таъкидлаган.
Таҳлилчилар фикрича, республикачилар ва демократлар қарз шифтини ошириш борасида келишолмаса, мамлакат август ойигача дефольт ёқасида туриб қолиши мумкин. Қарз олиш лимитини ошириш масаласи сўнгги йилларда Конгрессдаги икки партия ўртасида тез-тез сиёсий тортишувни юзага келтирмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА