Ватанимиз тарихидаги 28 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1309 йил (бундан 716 йил олдин) – Амир Темурнинг она томондан бобоси, “Садр аш-шариъа” Убайдуллоҳ Бурхоний Карманада вафот этди. Фасиҳ Хавофийнинг ёзишича, “Садр аш-шариъа” Убайдуллоҳ Бухорийнинг хонадони ниҳоятда маърифатли бўлган, унинг ўғли Абу Абдуллоҳ Умар ҳам отаси сингари ислом илмида “Тож аш-шариъа”лик даражасига кўтарилади. Бироқ у навқирон ёшида вафот этган. “Садр аш-шариъа”нинг укаси Маҳмуд ҳам “Бурхон аш-шариъа” унвонига эга бўлган ва ҳаёт кечирган.
1375 йил (бундан 650 йил олдин) – темурийлар саройида хизмат қилган машҳур тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Жалолуддин Муҳаммад Ҳавофий таваллуд топди (вафоти 1442 ёки 1443 йил). Фасиҳ Ҳавофий ижодий иш билан шуғулланиб, ўзининг бизгача етиб келган ягона асари “Мажмаъ ут-таворих” (“Тарихлар мажмуаси”)ни ёзиб қолдирган. Ушбу асар “Мужмали Фасиҳий” номи билан ҳам машҳур. Муаллиф уни 1433–1442 йилларда ёзиб тугатган.
“Мажмаъ ут-таворих”да маданий турмушга, шоирлар, олимлар каби ўз даврининг кўзга кўринган зиёлилари ҳаётига оид маълумотлар ҳам кўп учрайди. Асардаги Темур ва темурийлар даврида олиб борилган ободончилик ишлари ҳақидаги маълумотлар диққатга сазовордир. Булардан ташқари ҳар хил табиий офатлар, халқ бошига тушган қийинчиликлар ҳам муаллиф диққатидан четда қолмаган.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси ва ҳукуматининг 108-сонли кўшма мажлиси карори чиқди. Ушбу қарорда Туркистон Россиянинг очарчилик ҳудудларига моддий ёрдам бериш билангина чекланмасдан, ўз карамоғига расман 200 минг атрофида Волгабўйи, Уралолди ҳудудларидан эвакуация килинаётган очларни ҳам қабул қилиши кўрсатилди.
Бу вақтда Россиянинг очарчилик ҳудудларидаги аҳвол кундан-кунга оғирлашиб борарди. Очларни боқиш, кийинтириш ҳокимиятни қўлга олган большевиклар учун қийинлашиб борди. Бу муаммонинг ечимида очларни эвакувация қилиш масаласи кун тартибига кўйилади. Чунки ички имкониятлар билан очларни боқишнинг имкони йўқ эди. Бирдан-бир йўл одамларни қурғоқчилик ҳудудларидан ҳосилдор ҳудудларга кўчириш эди.
Россия марказий губернияларидаги очарчиликни бартараф этишда Туркистон аҳолиси бепарво бўлиб турмай, ўзларида бор ва деярли йўқ имкониятларини ишга солиб рисқу рўзларини Волгабўйи, Уралолди очлари билан баҳам кўрганлар. Бунинг таг-замирида Туркистон халқининг инсонпарварлиги, бағрикенглиги, бир бурда нонини бошқа миллат вакиллари билан баҳам кўргани ётади.
1926 йил (бундан 99 йил олдин) – Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон, Наманган вилоятидаги Поп туманлари ташкил этилди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Тошкентда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтди. Кечада адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларида илк бор таъсис этилган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотлари топширилди. Шу куни Тошкентда Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳайкали ва Миллий боғнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илк бор маъруза қилди. Унда Марказий Осиёни ядро қуролидан холи зона деб эълон қилиш, Орол муаммоси бўйича БМТнинг махсус комиссиясини тузиш каби бир қатор таклифлар илгари сурилди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Нью-Йорк шаҳрида имзоланган қўшма коммюнике асосида Ўзбекистон билан Доминикан Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Осиё Тараққиёт банкининг доимий ваколатхонаси очилди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистоннинг биринчи геоиқтисодий харитасини тузиш устидаги иш ниҳоясига етганлиги ҳақида хабар эълон қилинди. Унда табиий жараёнлар, шунингдек, техноген жараёнлар билан боғлиқ вазиятнинг ҳаққоний манзараси берилган.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон илк бор Грецияда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида иштирок этишни бошлади. Ушбу спорт ўйинида 144 та давлатдан 3969 спортчи спортнинг 19 та тури бўйича иштирок этди.
2005 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда таълим ва ёшларга мўлжалланган ахборот ресурсларини ягона “ZiyoNET” ахборот тармоғига бирлаштириш ва тизимлаштириш қайд этилди.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 23 моддадан иборат.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозимини жорий етиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Лазги» халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2022 – 2026 йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “2022 – 2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “2022 – 2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ, ЎзА