Ватанимиз тарихидаги 10 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1910 йил (бундан 115 йил олдин) – Хива хони Асфандиёрхон тарихий аҳамият касб этган ёрлиқ қабул қилди. Тарихчи Неъмат Полвоновнинг ёзишича, бу ҳужжат 12 кунлик меҳнат мажбурияти (бегар) ва шу вақтда меҳнаткашнинг кунига 2,5 танга тўловини бекор қилиб, давлат томонидан амалга ошириладиган тадбирларда ишловчиларга хазинадан 2 танга пул тўлаш, амалдорлар ўз хизматлари учун халқдан солиқ олмаслик ва ўзларининг хизмат вазифаси доирасидаги аҳоли аризасини ҳал қилганда адолат билан ёндашиб, бунинг учун аризадордан ҳеч нима таъма қилмаслик, ер солиғини тубдан ўзгартириш учун ернинг ҳисобини аниқлаш ва ҳар ким эгалик қилаётган ер миқдорига қараб солиқ тўлаши, бозорларда йиғиладиган бож ва закот солиғини тартибга солиш, йўлларни яхшилаш, темир кўприклар қуриш, почта-телеграф, касалхоналар қуриб, ишга тушириш каби масаларни ўз ичига олган эди. Бу ислоҳотни амалга оширишни вазири акбар Исломхўжага топшириш кўзда тутилган эди.
1915 йил (бундан 110 йил олдин) – математик олим ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Тошмуҳаммад Саримсоқов таваллуд топди (вафоти 1995 йил). У 1946 – 1952 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, 1959–1971 йилларда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири сифатида фаолият юритган. Тошмуҳаммад Саримсоқов топология ва функционал анализ бўйича Тошкент илмий мактаби асосчиси. Ярим майдонлар назарияси ва унинг эҳтимоллар назариясига татбиқини ишлаб чиққан. У 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Тошкент шаҳар думаси мажлисида рус-тузем мактаблари ўрнида 6 синфлик миллий мактаблар ташкил этиш масаласи муҳокама этилди. Бу мажлисда Мунавварқори маъруза қилди. Бу воқеалар хақида хотиралар ёзган Николай Остроумов Мунавварқорининг амалий педагогик фаолиятига катта баҳо беради. Уни маҳаллий аҳоли Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги мактабларнинг ягона директори деб ҳисоблашлари, Мунавварқори 6 синфлик янги миллий мактаблар учун ўқув дастури тақдим этганлигини, унинг халқни маърифатли қилиш учун олиб бораётган фаолияти самарали бўлаётганлигини қайд этади. Чунки Дума мажлисидаги муҳокамадан сўнг 1917/1918 ўқув йилида очилажак миллий мактаб учун кредит олишга ҳам рухсат берилади. Бу ҳаракатлари билан Мунавварқори миллий мактабга асос солди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – шаҳар дизель станциясида ёқилғи етишмаслиги ва кўплаб вагонларнинг носозлиги, ўлкада совет ҳокимиятининг ўрнатилиши, Бельгиядан келган мутахассисларнинг ўз ватанларига кетиб қолиши туфайли Тошкентда трамвай қатнови тўхтади. Тарихчи Гулзора Саидбобоеванинг қайд этишича, кўп ўтмай, ўша йилнинг 10 декабрида Тошкент трамвайи Туркистон ҳукумати томонидан миллийлаштирилиб, 1920 йилга келгандагина шаҳарда номунтазам трамвай ҳаракати қайта тикланди.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – тарихчи, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Собир Камолов таваллуд топди (вафоти 2009 йил). Унинг илмий фаолияти қорақалпоқ халқининг этник тарихи, шаклланиши ва маданияти, шунингдек, Ўрта Осиё халқлари, жумладан, қорақалпокларнинг Россия билан ўзаро муносабатлари тарихига оид. У 300 дан зиёд илмий асарлар муаллифи. Собир Камолов “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланган.
1959 йил (бундан 66 йил олдин) – Ўзбекистонда биринчи марта Тошкент атом реактори ишга туширилди.
1961 йил (бундан 64 йил олдин) – Қорақалпоғистондаги Тахиатош иссиқпик электр станцияси ишга туширилди.
1965 йил (бундан 60 йил олдин) – Муборак шаҳри яқинида Муборак олтингугурт заводи (ҳозирги Муборак газни қайта ишлаш заводи)ни қуриш бошланди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Лаос Халқ Демократик Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон–Германия дўстлик жамияти тузилди. Унинг таъсис мажлисида жамиятнинг раҳбар органлари сайланди ҳамда низоми тасдиқланди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон тасвирий санъат галереясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Респбликасининг “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сув хўжалиги тизимига замонавий ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларнинг жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА