Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Машҳад ва Самарқандга авиарейс қўйиш таклиф этилди
12:23 / 2025-02-27

Эроннинг Разавий Хуросон вилояти губернатори Ғулом Ҳусейн Музаффари бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлиб турибди.

Самарқад шаҳрида вилоят ҳокимлиги ва туризм соҳаси масъуллари, маҳаллий туропереторлар ҳамда Разавий Хуросон вилояти  делегацияси аъзолари иштирокида Ўзбекистон – Эрон туристик форуми бўлиб ўтди.

Форум очилишида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ва Разавий Хуросон вилояти маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик бошқармаси бошлиғи Сеиджавад Моусави сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижаларга тўхталди.  

[gallery-21986]

– Туризм ва маданий мерос соҳасида Самарқанд билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз, – деди Сеиджавад Моусави. – Бу борадаги алоқаларни ривожлантириш учун, аввало, Машҳад ва Самарқанд шаҳарларига тўғридан-тўғри авиқатновни йўлга қўйишни таклиф этамиз. Шу билан бирга, маданият, маданий мерос обидаларини асраб-авайлаш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш, транспорт соҳаларида ҳам ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз.  

Форум доирасида Самарқанд ва Разавий Хуросон вилоятларининг туризм салоҳияти тақдимотлари ўтказилди.

– Эрон ва Ўзбекистондаги диққатга сазовор жойлар билан танишиш ва бу жойларга бориш учун чипталарни онлайн сотиб олиш мақсадида платформалар яратганмиз, – дейди Эроннинг Ўзбекистондаги “Visit Iran” турфирмаси раҳбари Навид Оғо. – Биз туризмни ривожлантириш учун иккала томон билан ҳам ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз. Хусусан, Машҳад ва Самарқандни боғловчи авирейс ташкил этилса, йўловчиларни жалб қилишга албатта ёрдам берамиз.

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум 1 мартга қадар давом этади ва Самарқанд, Бухоро вилоятларида фаолият юритувчи туристик компаниялар, Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, тадбиркорлар ҳамда етакчи корхоналар вакиллари билан учрашув, бизнес-форумлар ўтказиш кўзда тутилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари