Сўнгги пайтларда амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилмоқда. Хўш, бу янгиликдан кўзланган мақсад нима? Амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришда қайта имтиҳон талаб этиладими? Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги қарори билан миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари жорий этилган.
Эски тартибга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш учун имтиҳон варақаси, тиббий маълумотнома, паспорт, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони талаб этилар эди. Фуқароларга қулайлик учун тартиб соддалаштирилди ва талаб этиладиган ҳужжатлар қисқартирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги
тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган ўзгартиришларга кўра, унинг муддати гувоҳнома ва «техпаспорт»лар берилган йилга боғлиқ.
Хусусан, 2010 йилгача бўлган даврда берилган ҳайдовчилик гувоҳномасини 2022 йил 31 мартга қадар, 2010−2012 йилларда берилганлари 2022 йил 30 июнга қадар, 2013−2015 йилларда берилганлари 2022 йил 30 сентябрга қадар ва 2015 йилдан кейин берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари 2022 йил 31 декабрга қадар муддатларда мажбурий тартибда амалга оширилади.
Давлат хизматлари агентлигининг ўтган 2021 йил сентябрь ойида маълумотларига кўра, фақат 3,6 миллион киши янги ҳайдовчилик гувоҳномасини ўзгартирган. 2 миллиондан ортиқ киши эса эски гувоҳномада эканлиги маълум бўлган. Шундан сўнг Адлия вазирлиги гувоҳномаларни алмаштириш муддатини юқорида тасдиқланган жадвалга мувофиқ яна бир йилга узайтириш таклифи билан чиққан.
Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга кўра, бугунги кунда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун узун навбатлар юзага келган. Чунки 2022 йил 31 мартда «права» алмаштиришнинг биринчи босқичи муддати тугайди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, эски «права»ни янгисига алмаштириш учун нафақат ДХМларга, балки бевосита ваколатли идора ИИББ ЙҲХБ бўлимларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги намунадаги гувоҳномалар махсус ҳимоя воситаларига ҳамда маълумотларни бевосита алоқасиз амалга ошириш имконини берувчи махсус электрон белгиларига (NFC Смарт-карт) эга бўлиб, уларда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР), юридик шахслар учун эса солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) сақланади.
ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАЛАРИНИ АЛМАШТИРИШДА ҚАЙТА ИМТИҲОН ТОПШИРИШ КЕРАКМИ?
Давлат хизматлари агентлиги берган маълумотларга кўра, аҳолига қулай бўлиши учун эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш 2022 йил 31 декабрга қадар давом этади. Бунда Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган барча хизматлар каби ортиқча бюрократиясиз, соддалаштирилган тартиб амал қилади.
Яъни, қайта имтиҳон варақаси талаб этилмайди. Хизматдан фойдаланиш учун паспорт, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини тақдим этиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи (бугунда 189 000 сўм) миқдоридаги тўлов амалга оширилади.
«Права»ларни алмаштиришга 2017 йил 1 октябрдан 2020 йил 31 декабрига қадар, яъни 3 йилу, 3 ой муҳлат берилган ва 2021 йил 1 январдан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақиқий эмас, деб топилиши кўрсатиб ўтилди.
2021 йил охирида Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан «права» алмаштириш муддатини узайтириш дифференциал ёндашув асосида амалга оширилди. Бундан мақсад ҳамма яна 2022 йил сўнгида ЙҲХ бўлимлари ва Марказларга келмасдан, йил давомида бир маромда ҳужжат алмаштиришларини ташкиллаштириш эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Давлат хизматлари агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддати бир неча маротаба узайтирилган бўлишига қарамасдан, фуқаролар белгиланган муддатларда ҳужжатларни алмаштирмай келмоқда.
Республикамизнинг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг сўзларига кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиришда навбатнинг узунлиги, ўз вақтида электр бўлмаслиги каби ҳолатлар туфайли ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан мутахассислар бу жараёнда бир нафар фуқарога хизмат кўрсатиш учун 3 дақиқа вақт сарфланишини қайд этди.
ЭНДИ «ПРАВА» ОЛИШ ҚАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
Бундан бу ёғига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқиш вақтида машғулотларга қатнашмаслик, ўқимаслик ўзингизга зарар бўлади. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 272-сон қарорига мувофиқ, энди ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун топшириладиган назарий ва амалий имтиҳонлар тадбиркорлик субъектлари томонидан инсон омили чекланган ҳолда, автоматлаштирилган автодром ва имтиҳон олиш хоналарида ўтказилиши йўлга қўйилади.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА