French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Машаққатли ва шарафли касб эгалари
17:26 / 2025-12-23

Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб сифатли таълимни йўлга қўйиш мақсадида узлуксиз чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш ва уларга қатор имтиёзлар бериш орқали турмуш тарзини янада яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Шундагина педагоглар хотиржам илм билан машғул бўлиши мумкинлиги эътиборга олинган. Бироқ, ҳар соҳада бўлгани каби педагоглар орасида ҳам устозлик мақомини етарлича англамаганлари учраши ачинарли. Негаки, келажак авлод таълими ва маънавиятига масъул бўлган касб эгаларининг хатоси анчагина қимматга тушади.

Касблар орасида шифокорлик ва ўқитувчилик кўп таққосланади. Негаки, бошқа соҳа вакилларига нисбатан уларнинг кам хато қилиши талаб этилади. Шундай бўлса-да, ўқитувчининг хатоси шифокорникидан ҳам ачинарли саналади. Зотан, шифокор хатосини ерга кўмади, ўқитувчиники эса ер юзида юради, деб бежиз таъкидланмайди.

—Фарзанд тарбиясида ота-онадан кейинги энг масъул киши бу ўқитувчидир. Ёш авлоднинг онгида ҳаётга, келажакка нисбатан тўғри тасаввур ва қатъий ишонч шакллантириш биз устозларнинг вазифамиз, — дейди Самарқанд шаҳридаги “Нурли маскан” мактаб интернати ўқитувчиси Орзигул Мирзаева. — Бир нарсани алоҳида таъкидлашни жоиз деб билдим, шу ўринда. Бугунги кунда юртимизда инклюзив таълим масаласи актуал. Аммо бунинг асл моҳиятини ҳамма педагог ҳам тушуниб етганича йўқ. Бунда тенг таълим беришдан кўра ўқувчи-талабаларнинг лаёқатидан келиб чиқиб таълим жараёнларини ташкил этиш талаб қилинади. Айрим олийгоҳларда кўришда нуқсони бор талабаларга керагидан ортиқ юкламалар берилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Натижада заиф кўрувчилар ясси ёзувдаги адабиётлардан меъёрдан зиёд фойдаланиб, кўриш қобилияти кескин пасаймоқда. Ёки бўлмаса, бутунлай кўрмайдиганлар берилган вазифаларни етарлича ўзлаштиролмай қолмоқда. Албатта, бундай талабаларга ҳамма қаторида тенг муносабатда бўлиш яхши, аммо юқорида таъкидлаганимдек, лаёқатига қараб, юкламалар берилса, мақсадга мувофиқ бўлади, наздимда.

Кўриниб турибдики, ўқитувчилик бежизга энг машаққатли  ва энг шарафли касб дейилмайди. Гап шундаки, бунга муносиб бўлмоққа ҳар бир педагог ҳаракат қилмоғи шарт. Негаки, улар инсон тақдирига таъсир кўрсатувчи соҳа вакиллари саналади.

Шербек Исломов, ЎзА