Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Машаққатли меҳнатнинг нони тотли бўлади
19:17 / 2025-04-17

Эътироф

Зангиота тумани Маданият саройида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи Абдусаттор Ҳотамовнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир Салим Ашур, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Раҳматилла Шералиев, вилоят зиёлилари, ижодкорлар, нуронийлар ҳамда ҳудуд фаоллари иштирок этди. 

Тадбирда ёзувчининг бой ижоди ва жамоатчиликдаги фаолиятига юқори баҳо берилди. Кўп йиллар давомида бирга ишлаган ҳамкасблар, дўстлар биргаликда амалга оширилган ишлар, журналистика соҳасидаги заҳматли меҳнат сарҳисоб қилинди. Келган меҳмонлар ўз табриклари, самимий тилакларини билдирди. 

Абдусаттор Ҳотамов журналистик фаолиятини 1968 йилда Зангиота тумани ҳокимлигининг ижтимоий-сиёсий газетаси “Ленинчи”да адабий ходим сифатида бошлаган. Кейинчалик бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, 1988-2010 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб фаолият олиб борди. 2010 йилдан 2013 йилгача бўлим муҳаррири лавозимида ишлади. “Энг улуғ, энг азиз” Республика танловининг вилоят босқичида бир неча бор тақдирланган. 

2004 йил “Шуҳрат” медали, 2022 йил “Биринчи даражали меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотланди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари аъзоси ва кўпгина китоблар муаллифидир. Ижодкорнинг “Сеҳрли кўзойнак”, “Яхшилик дарахти”, “Баланд учган турналар”, “Вақт ёғдуси”, “Арғимчоқдаги болалар” номли кўплаб китоблари чоп этилган. Бундан ташқари, А.Ҳотамовнинг кўпгина ёзган ҳикоялари, эссе, новелла ва мақолалари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Ҳуррият”, “Тошкент ҳақиқати” каби газеталарда ҳам фаол ёритилган. 

Тадбирда ёзувчининг асарлари ҳақида фикрлар билдирилиб, адабиёт ва журналистикага қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Адабиёт ва матбуотдаги узоқ йиллик меҳнати муносабати билан А.Ҳотамовга “Фахрий ёрлиқ” ва ташаккурномалар, эсдалик совғалар топширилди.

Санъаткорларнинг мусиқий чиқишлари барчага манзур бўлди. Тўкин дастурхон атрофидаги дилкаш суҳбатлар ва хотиралардан диллар яйради. 

А.Мусаев,ЎзА